Иқтисодиёт | 14:05 / 18.04.2016
3326
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда автомобиль ишлаб чиқариш кўрсаткичи тушиб кетди

Қозоғистон миллий иқтисодиёти вазирлиги статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йил биринчи чорагида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 92,2 фоизга тушиб кетган. Шу давр ичида 428 дона енгил машина ишлаб чиқилган.

Юк автомобиллари борасида ҳам 14,2 фоизлик пасайиш қайд этилиб, ҳисобот даврида 247 дона машина ишлаб чиқилган, деб хабар қилмоқда "Тренд" нашри.

Қозоғистонда 3та йирик автомобиль ишлаб чиқарув қувватлари фаолият юритади. "Осиё Авто", "Сараарка Автопром" ва "Агромашхолдинг" компанияларида Kia, Chevrolet, Skoda, Hyundai, SsangYong, Peugeot ва бошқа шу каби брендлар остида автомобиль ишлаб чиқарилади. 2015 йилда мамлакатда жами 12,45 мингта енгил, 1,66 та юк машиналари ишлаб чиқарилган.

Бунда, Қозоғистон автомобиль бизнеси ассоциацияси маълумотларига кўра, янги машиналарга бўлган талаб тушиб кетмоқда, хусусан, 2016 йил илк икки ойи мобайнида дилерлар 6991 дона автомобиль сотишган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59 фоизга кам демакдир.

2015 йилда эса, Қозоғистонда фаолият юритувчи расмий дилерлар савдоси 2014 йил билан таққослаганда 40,4 фоизга пасайиб, 97,45 мингта машина сота олишган холос.