Жаҳон | 08:17 / 20.04.2016
1717
1 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркдаги праймеризда Трамп ва Клинтон ғолиб бўлди

Нью-Йорк штатида АҚШ президенти лавозими учун сайловларда партиялар номидан иштирок этувчи ягона номзодни аниқлаш бўйича бирламчи сайловларда Дональд Трамп ва Хиллари Клинтон ғолиб бўлди

Клинтон сайловолди штаби раҳбарининг айтишича, Клинтоннинг партия бўйича рақиби Берни Сандерсда жорий сайлов кампаниясида "деярли ҳеч қандай имконият қолмади", Клинтоннинг Нью-Йоркдаги муваффақияти эса унинг демократлар номидан расмий номзод сифатида қўйилиши йўлида муҳим "қадам" бўлди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги маълум қилди.

Собиқ Давлат котиби сайловларда иштирок этиши учун демократлар партия қурултойида 2383 делегатнинг қўллаб-қувватловини олиши керак. Қурултой 25-28 июлда Филадельфияда бўлиб ўтади. Ҳозирда унга 1791 делегат, Сандерсга 1115 делегат овоз берган.

Дональд Трампга эса 1237 овоз керак, айни вақтда уни 756 делегат қўллаб-қувватламоқда. Республикачиларнинг партия қурултойи Кливлендда бўлиб ўтади. Трампнинг рақиблари сенатор Тед Круз 559 овоз, Огайо губернатори Жон Кейсик эса 144 овоз тўплаган.