Ўзбекистон | 19:37 / 22.04.2016
2973
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш борасида кучли ўнликдан жой олди

2015 йилда “Doing Business” Жаҳон банки баҳолаш методологияси қайта кўриб чиқилгунига қадар Ўзбекистон “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича рейтингда 65-поғонани эгаллаган. 2014 йилда ўз бизнесини рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркор 7та босқичдан ўтиши шарт бўлган (2015 йилда бу босқичлар тартиби 5тага туширилди) ва ўртача 7,5 кун вақт эгаллаган (2015 йилда – 6,5 кун). Бу эса аҳоли бошига 3,3 фоиз (2015 йилда – 3,4 фоиз) даромадга тенг бўлган. Охирги ҳисоботда эса мамлакат ўтган йилги кўрсаткичдан 22 поғонага баландлаб, 42-ўринни эгаллади.

БМТ Тараққиёт дастури “Ўзбекистон бизнес-форуми (III фаза)” лойиҳаси экспертлари ушбу кўрсаткичнинг кескин ўсишини бир нечта омиллар билан боғлашмоқда.

Бу омилларнинг биринчиси тадбиркорлик субъектларини Интернет орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмининг йўлга қўйилганлигидир. Мазкур механизм янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш билан бир вақтда, ваколатли орган томонидан солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйиш тартибини белгилаб берди.

Иккинчидан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш хизматининг Ягона давлат хизматлари интерактив портали (my.gov.uz) да жорий қилиниши ҳам хизматдан фойдаланишни осонлаштирди.

Эндиликда ҳисобга қўйиш фақат рўйхатга олувчи орган томонидан Интернет тармоғи орқали давлат регистрацияси жараёнида амалга оширилар экан, ЖБ жамоаси ушбу кўрсаткични баҳолашда икки жараённи– статистика ҳамда солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишни олиб ташлади.

Таклиф этилаётган тизим ташкилотни онлайн режимида 30 дақиқа ичида рўйхатдан ўтказиш имконини беради. Бунда тадбиркорнинг рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат божи тўлаш учун кассага шахсан бориши шарт бўлмайди, шунингдек, мазкур жараёндаги харажатлар миқдори ҳам камаяди.

Ҳамкорликдаги лойиҳа экспертлари прогнозларига кўра, ЖБ методикасига мувофиқ, Ўзбекистонда бизнесни рўйхатдан ўтказиш икки босқичда амалга оширилиши мумкин (биринчиси – реал вақт режимида, оптималлаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш, иккинчиси – банк ҳисоб рақами очиш). Муассасани бизнес бошлаш билан боғлиқ расмиятчиликлар (бунга фирма номини банд қилиш, рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божи тўлаш, рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда рўйхатга олинган таъсис ҳужжатларини олиш, муҳр тайёрлатиш, солиқ ва статистика идоралари, Халқ банки томонидан ҳисобга қўйиш, банкда ҳисоб рақами очиш) ни назарда тутган ҳолда ташкил этиш бир кунни эгаллайди. Рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган ҳужжатлар сони юридик шахс-тадбиркорлик субъектлари учун олтитадан иккитагача, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатан ўтмоқчи бўлган жисмоний шахслар учун эса олтитадан биттагача қисқариши мумкин.

Келгусида Сингапур ҳамда Корея Республикаси тажрибаси асосида тадбиркорлик субъектлари интерактив давлат хизматларидан фойдаланишини рағбатлантириш таклиф этилмоқда.
Шундай қилиб, ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинги кўтарилиши жаҳоннинг 189 давлати орасида аъло кўрсаткичга қадар бўлган масофани кўрсатади.

“Doing Business-2016” Жаҳон банки тадқиқотлари натижаларига кўра, Ўзбекистон 2013-2015 йиллар мобайнида ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш борасида энг кўп ислоҳот ўтказган мамлакатлар ўнлигидан жой олди.