Ўзбекистон | 12:27 / 22.04.2016
2645
2 дақиқада ўқилади

2016 йилнинг 1-чорагида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ 5 миллионга яқин йўловчи ташиди

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ 2016 йилнинг биринчи чорагида 4,9 млн. кишининг узоғини яқин қилган. Компания бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Даврон Дехқонов шу ҳақда маълум қилган.

Унинг билдиришича, ҳисобот даврида компания томонидан юк ташиш кўрсаткичи 16,7 млн. тоннани ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100 минг тоннага кўп демакдир.

2016 йил январь-март ойларида компания томонидан ўзлаштирилган сармоя ҳажми 187,47 млн. долларни ташкил этган. Йил охиригача, жами 799,22 млн. долларлик сармоя ўзлаштириш режалаштирилган, деб ёзмоқда uzdaily.uz.

Ушбу маблағлар муҳим инвестиция лойиҳаларига йўналтирилмоқда. Хусусан, Ангрен-Поп, Самарқанд-Бухора темир йўлларини электрлаштириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Жорий йилда Самарқанд-Бухоро йўналишида тезюрар йўловчи поезди ҳам қатнай бошлайди. Шунингдек, "Навоий-Конимех-Мискен" темир йўли қурилмоқда.

Февраль ойида Ангрен-Поп темир йўли лойиҳаси таркибий қисми бўлган, Қамчиқ довонидан ўтувчи ерости туннели туташтирилган эди. Компания вакилининг сўзларига кўра, айни вақтда унда жило бериш, изларни ётқизиш ва электрлаш ишлари якунланмоқда.

Август ойи сўнггида, "Тошкент-Бухоро" тезюрар поезди фаолияти йўлга қўйилади. 2017 йили "Қарши-Термиз" темир йўлини электрлаштириш якунланади.