Ўзбекистон | 15:04 / 22.04.2016
10961
2 дақиқада ўқилади

Томчилатиб суғориш тизимлари божхона тўловларидан озод этилди

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати мамлакатга олиб кирилаётган томчилатиб суғориш тизимларини божхона тўловларидан озод этиш муддатини узайтирди. Ҳукуматнинг 2016 йил 12 апрелдаги қарорига мувофиқ, бундай тизимларни хориждан сотиб олган фермерлар 2021 йил 1 январгача божхона имтиёзидан фойдаланишлари мумкин бўлади, деб ёзмоқда review.uz сайти.

Божхона имтиёзи, томчилатиб суғориш тизимларидан ташқари, мевали экинлар кўчатлари ва пайвандтагларга ҳам жорий этилади.

Республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 18,5 минг гектар ерда томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланилади, эгилувчан қувурлар билан эса 18,4 минг гектар ер суғорилади. Плёнкали суғориш усули 16,3 минг гектар ерда қўлланилади.

Молия вазирлигининг маълум қилишича, 2015 йили Республикада томчилатиб суғориш тизимини ривожлантириш мақсадида 200 млн. сўмдан кўп маблағ сарфланган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 19 апрелидаги "2013-2017 йилларда суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолати ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ, 2018 йилгача томчилатиб суғориладиган ер майдони 25 минг гектарга етказилади.

2013 йил 1 майидан бошлаб, мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштириш мақсадида олинадиган ер ижара шартномасига томчилатиб суғориш ва суғоришда сувни тежовчи бошқа технологияларни жорий этиш бўйича мажбуриятларга оид банд ҳам киритилган.