Жаҳон | 18:49 / 26.04.2016
2439
3 дақиқада ўқилади

Каримов ва Путин халқаро кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқишди

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари Ислом Каримов ҳамда Владимир Путин 3 соат давом этган норасмий учрашув вақтида халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, икки мамлакат ўртасида муносабатлар ҳамда минтақадаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Путиннинг ўзи расмий учрашув вақтида маълум қилган.

"Биз иккимизда кеча норасмий учрашувда бемалол ўтириб, дипломатлар таъбири билан айтганда юзма-юз ўтириб суҳбатлашиш имконияти бўлди. Биз уч соат давомида икки томонлама муносабатлар, халқаро ҳолат ва минтақадаги вазият ҳақида батафсил гаплашдик (муҳокама қилдик)", дейди у Ўзбекистон президенти билан расмий музокаралар жараёнида.

"Бугун биз диққатни икки мамлакатнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги фаолиятига қаратамиз. Қайсики, бу ташкилотлар бизни янада яқинроқ қилган. Мен ШҲТни, яъни кейинги вақтларда сиз фаол равишда ишлаётган ташкилотни назарда тутмоқдаман", дейди россияликлар президенти.

Ўз навбатида, Ислом Каримов Путинга Москвага таклиф учун миннатдорчилик билдирган ва Путиннинг тиғиз графикда ишлашига қарамасдан кўпгина мавзулар муҳокама қилинишган норасмий учрашув учун анчагина вақт ажратганини эътироф этган.

"Мен кечаги суҳбатимиздан тўла мамнун бўлдим ва бу шунчаки қониқиш ҳосил қилишгина эмас. Мен ҳисоблайманки, ушбу суҳбат агар бугун бўлмаса, эртага албатта ўз самарасини беради. Чунки, бу суҳбат очиқ руҳда ўтди ва буни ҳам шунчаки очиқчасига суҳбат деб атамаган бўлардим", дея қайд этган Ўзбекистон раҳбари.

"Биз ўз суҳбатимизни одатдаги дипломатик йўсинда олиб бормадик. Кўпроқ очиқ-ойдинликка урғу қаратдик. Мен бундай суҳбатларни жуда ёқтираман. Бундай суҳбатлардаўз фикрингни аниқ ва лўнда қилиб ифодалаш имкони бўлади ва ҳеч қандай узундан-узоқ дипломатик иборалар ўйлаб топишнинг кераги бўлмайди", дейди Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти Путин билан узоқ давом этган суҳбат Россия ва Ўзбекистон ўртасида муҳокама этилиши зарур бўлган умумий мавзулар кўплигини кўрсатганини айтиб ўтган.

"Бу жуда яхши, гаплашишга мавзу бор. Айниқса, ҳозирги шароитда, дунёда кўп воқеалар юз бераётган кунларда. Бу жараён нафақат фикр билдириш балки давлатларнинг позициясини аниқлаб олишни талаб этади", дея қайд этган Ислом Каримов.