Жаҳон | 16:14 / 27.04.2016
2806
2 дақиқада ўқилади

Вашингтон Каримовнинг Афғонистон муаммосини ҳал қилишда Москванинг иштироки ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди

АҚШ Давлат департаменти Афғонистондаги зиддиятни ҳал қилишда Россиянинг иштироки ошишини хайрихоҳлик билан қабул қилади. Бу ҳақида “Интерфакс” агентлигига Америка ташқи сиёсий бошқармаси вакилларидан бири маълум қилди.

“Биз барча давлатларни маҳаллий ҳукумат ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш орқали Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашуви учун ижобий роль ўйнашга чорлаймиз”, - деди агентлик ҳамсуҳбати.

Давлат департаменти вакили Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримовнинг 26 апрелда Россия раҳбари Владимир Путин билан бўлиб ўтган музокараларидаги сўзларига изоҳ берди. Унда Каримов Афғонистон муаммосини сиёсий жиҳатдан ҳал қилишда музокара жараёнига Москвани жалб қилиш фикрини билдирди.

“Бу муаммони Россия иштирокисиз ҳал қилишга уриниш ўйламай қабул қилинган қарор деб ҳисоблаймиз”, - деди давлат раҳбари.

Бунуги кунда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича музокаралар Вашингтон, Пекин, Кобул ва Исломобод иштирокида тўрт томонлама олиб борилмоқда.