Клаудио Раньери: «Лестер»га мураббий бўлганимда, чемпионликни тасаввур ҳам қилмагандим»
«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери жамоаси билан муддатидан олдин Англия чемпиони бўлганини билганидан сўнг ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.
«Мен жуда фахрланаман. Мен футболчилар, президент, «Лестер»нинг барча ходимлари, мухлислар ва бизнинг шаҳримиз учун хурсандман. Бу ақлбовар қилмас ҳиссиёт, барча учун хурсандман.
Мени бу вазифага тайинлашганида, бундай натижаларга эриша олишимизни кутмагандим. Мен прагматикман, мен шунчаки ғалаба қозонишни ва ўйиндан-ўйинга ривожланиб боришни истаган эдим. Бу нарса бизни нималарга етаклашини кутмаган эдим.
Футболчилар фантастик мавсумни ўтказишди. Уларнинг мақсадлари, тиришқоқлиги ва руҳияти бунга сабаб бўлди. Ҳар ўйинда бир-бири учун курашдилар. Мен бундай ўйинчиларни яхши кўраман. Улар чемпион бўлишга ҳақли эди», - дейди Раньери.