Ўзбекистон | 15:04 / 06.05.2016
38201
3 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари GM Uzbekistan корхонасида текширув ўтказмоқда

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва солиқ органлари GM Uzbekistan —General Motors (25 фоиз) ва «Ўзавтосаноат» (75 фоиз) қўшма корхонасининг молиявий-хўжалик фаолиятини комплекс текширувдан ўтказмоқда. Бу ҳақда РИА Новости ахборот агентлиги вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар тарқатди

«Текширув ноқонуний экспорт ва валюта қонунчилигининг бузилиши каби фактлар аниқлангач, бошланган», — дейди агентлик суҳбатдоши. Дастлабки текширув муддати — бир ой бўлиб, бу муддат вазиятга қараб узайтирилиши мумкин. 

Бундан олдинроқ бир қатор манбаларда GM Uzbekistan бош директори Тоҳиржон Жалилов давлатга катта миқдорда иқтисодий зарар келтирганликда гумон қилиниб лавозимидан озод қилингани ва қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди

«Ўзавтосаноат» ва GM Uzbekistan вакиллари, шунингдек бош прокуратура ҳамда Ўзбекистон ИИВ ҳозирча бу вазият бўйича изоҳ бермаган.

Шунингдек, «Ўзавтосаноат» сайтида Жалилов бошқарув раиси ўринбосари лавозимида экани ҳақидаги маълумот олиб ташланмаган.

Бундан олдинроқ, шу йилнинг февралида Anhor.uz сайтида Асака банк раҳбари Қаҳрамон Ариповнинг лавозимидан олиниб, ҳибс қилингани ҳақида хабар берганди. Хабарда Жалилов ва Ариповнинг қўлга олиниши ва тергов қилиниши бир-бирига боғлиқ жараён ҳисобланади. Ариповнинг қўлга олиниши бўйича ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан расмий изоҳ берилмаган.

GM Uzbekistan - қўшма корхонаси 2008 йилда АҚШнинг General Motors (25 фоиз) ва Ўзбекистоннинг  «Ўзавтосаноат» АЖ (75 фоиз) томонидан «ЎзДэуАвто» ЁАЖ ўрнида ташкил қилинган эди. Компания қуввати йилига 250 минг автомобиль ишлаб чиқаришни ташкил қилади.

Бугунги кунда корхона Nexia, Cobalt, Lacetti, Gentra ва Malibu, Matiz ҳамда Spark русумлари, йўлтанламас русумидаги Captiva, Orlando минивэни, Damas микроавтобуси ва унинг юк ташишга мослашган кўриниши Labo  каби автомобилларни ишлаб чиқаради.

Экспорт қилинадиган автомобиллар Ravon бренди остида сотилади. Булар асоан Nexia, Cobalt, Matiz ва Spark автомобилларидан иборат.

Маълумот учун, 2015 йилда GM Uzbekistan’нинг Россиядаги сотув ҳажми 46 фоизга пасайди. GM Uzbekistan’нинг Россия бозорида эгаллаган улуши бир йил давомида 1,5 фоиздан 1,3 фоизгача пасайди.

2015 йилда Россияда GM Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 20 451 дона автомобиль сотилган. Корхона 2014 йилда 245,7 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган (2013 йил билан солиштирганда 0,1 фоизлик ўсиш). Бу борадаги 2015 йилги маълумот ошкор этилмаган. Режага кўра, Асакадаги завод 2015 йили 220 минг автомобиль ишлаб чиқариши белгиланганди.