Спорт | 15:08 / 10.05.2016
12381
2 дақиқада ўқилади

Эркин кураш: Абдураҳмонов ва Раҳмонов олимпия йўлланмасини қўлга киритди

Эркин курашчилар Бекзод Абдураҳмонов ва Аббос Раҳмонов 8 май куни Истанбулда бўлиб ўтган иккинчи жаҳон саралаш мусобақасида Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлди. Бу ҳақда Спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Турнирда биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритганлар Олимпиада йўлланмаларига эга бўлди. Ўзбекистонлик спортчилар ҳам ўз тоифаси бўйича финалга йўл олди. Олтин медаль учун кечган яккалик баҳсларида Абдураҳмонов (74 кг) Испания вакили Таймураз Фриевдан устун келган бўлса, Раҳмонов туркиялик Сулаймон Отлини мағлубиятга учратди.

Бекзод Абдураҳмонов — 2014 йилги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, 2014 йилда Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган, 2015 йили эса Осиё чемпиони бўлган. У шунингдек, 2015 йили Голден Гран-приси ғолиби бўлган. 2015 йилга қадар  ноолимпия тоифасида 70 кг вазнда баҳсларда иштирок этган бўлса, 2016 йилдан 74 кг вазн тоифасига ўтди.

18 ёшли Аббос Раҳмонов Республика олимпия захиралари коллежида талабаси ҳисобланади. У 2015 йили ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медал соҳиби бўлди. Истанбулдаги мусобақа унинг катта ёшли терма жамоа таркибидаги илк чиқиши бўлди.

Шу тариқа, 2016 йилги Олимпиадада Ўзбекистондан эркин ва юнон-рим кураши бўйича тўрт нафардан спортчи иштирок этади.

Мавзуга оид