Жаҳон | 11:08 / 28.05.2016
21369
2 дақиқада ўқилади

Путин: Россия Туркия билан муносабатларни қайта тиклашни хоҳлайди

Россия президенти Владимир Путиннинг баёнот беришича, Россия Су-24 самолёти билан юз берган фожиали ҳодисага қарамай, Туркия билан муносабатларни тиклашни хоҳлайди, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.

Путиннинг қайд этишича, Россия Сурияда армия эмас, балки террористик тузилмаларга қарши курашмоқда. 

«Шу боисдан ҳам, турк қирувчиси бизнинг бомбардимончи самолётимизга ҳужум қилишини хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Биз Туркия ёхуд Туркия ҳарбий кучлари билан урушмоқчи эмасдик. Акс ҳолда, биз бошқа воситалар билан, бошқача урушардик. Ўйлайманки, бунгача бормайди», — деган президент Путин.

Унинг сўзларига кўра, Россия Туркиянинг узр сўрагани ва товон тўлаши ҳақидаги баёнотини эшитгани йўқ. 

«Биз муносабатларни тиклаш хоҳиши хусусида кўп эшитаяпмиз. Биз ҳам буни хоҳлаймиз. Аммо уни биз бузганимиз йўқ. Нима учун бундай қилинди, ҳозиргача ўйимни охирига етолмайман», — деб қўшимча қилган Россия раҳбари. 

Президент, шунингдек, расмий Анқара муносабатларни тиклаш тўғрисида гапирар экан, амалий чора кўрмаётгани хусусида фикр билдирган.