Жамият | 16:50 / 29.05.2016
14802
2 дақиқада ўқилади

Эронликлар жорий мавсумда Маккага ҳаж учун бора олмайди

Эронлик ҳожилар жорий йилда Саудия Арабистони билан муносабатларда юзага келган мураккаб сиёсий вазият туфайли Маккага ҳаж зиёратини амалга ошира олишмайди. Бу ҳақда Эрон маданият вазири Али Жаннатий маълум қилди.

"Биз бугунги кунгача бу борада саудиялик расмийлардан жавоб кутдик. Юзага келган вазият юзасидан ўтказилган икки раундлик музокаралар якунларига кўра, айтиш мумкинки жорий йилда эронлик ҳожилар Маккага бора олишмайди", дея вазирнинг сўзларини келтиради IRNA агентлиги.

Жаннатининг айтишича, Эрон ҳаж ташкилоти 30 май куни бу йилги ҳаж бекор қилингани ҳақида расман маълум қилади.

Йил бошида Саудия Арабистони ва бир қатор араб мамлакатлари Эрон билан муносабатларни узганди. Бунга Саудия Арабистони ҳукумати шиалар хатиби Нимр ан-Нимрни қатл этгани сабаб бўлди. Бу қатл ҳақидаги хабардан кейин Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳаддаги ваколатхонасига эронликлар томонидан ҳужум уюштирилиб, биноларга ўт қўйилди. Шундан сўнг, аввал Саудия Арабистони, кейин Баҳрайн, БАА ва Судан каби мамлакатлар Эрон билан дипломатик алоқаларни тўхтатиб, ўз элчиларини Теҳрондан қайтариб олишди.

Бундан ташқари, Эрон ислом республикаси диний раҳнамоси Али Хоменеий Саудия Арабистонини 2015 йилги ҳажда юзага келган тиқилинч учун айблаган. Associated Press маълумотига кўра, ўшанда тиқилинч туфайли 2426 киши ҳалок бўлган, шундан 464 нафари эронлик эди.

Associated Press нашрининг эслатишича, Саудия Арабистони Эрон билан 1988-1991 йиллар давомида дипломатик алоқаларни узиб қўйганида ҳам эронликлар Маккага бора олишмаганди.