Ўзбекистон сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартиб-қоидалари тасдиқланди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 20 майдаги қарори билан пляжларни жиҳозлар ва улардан фойдаланиш, шунингдек, мамлакат акваторияларида фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш тартиблари тасдиқланди. Ҳужжат матни Lex.uz порталида (pdf) эълон қилинди.
"Ўзбекистон Республикаси акваторияларининг пляж зоналарида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланувчи ушбу ҳужжатда белгиланишича, пляж деб акватория қирғоғидаги аҳолининг дам олиши учун ажратилган ва қарор талабларига мувофиқ жиҳозланган жойнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган аниқ участкалари тушунилади.
Пляжга ва аҳолининг акваторияларда оммавий дам олиши учун мўлжалланган жойлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
-
соҳил бўйи ҳудуди режалаштирилган ва ободонлаштирилган бўлиши;
-
акваториянинг чуқурлиги 3 метргача, қирғоқдан 50 метргача майдон дам олувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин бўлган предметлардан тозаланган бўлиши;
-
пляж акваториясида паст ҳароратли ер ости сувлари чиқмаслиги, гирдоблар бўлмаслиги, оқимнинг тезлиги 0,5 м/секунддан ошмаслиги;
-
порт иншоотлари, пирслар, причаллар давлат санитария назорати органлари билан келишилган масофада жойлашган бўлиши;
-
пляж саноат ва маиший оқава сувлар чиқариб ташланадиган жойлардан узоқда жойлаштирилиши зарур.
Сув ҳавзалари қирғоғида ёки уларнинг яқинидаги болаларни соғломлаштириш ва дам олиш муассасаларидаги чўмилиш жойлари причаллардан, саноат ва маиший оқава сувлар ва бошқа ифлослантирувчи манбалар чиқариб ташланадиган жойлардан камида 500 метр масофада бўлиши керак.
Пляжлар ўз функционал вазифасига мувофиқ «Умумий фойдаланиладиган пляж, Кириш бепул, ижарага олувчи (мулкдор), алоқа қилинадиган телефонлар, иш режими», «Даволаш-соғломлаштириш пляжи (ташкилотнинг номи, телефон рақами, иш режими)», «Болалар пляжи (ташкилотнинг номи, телефон рақами, иш режими)» пешлавҳалари билан жиҳозланган бўлиши керак.
Пляж акваторияси сузиш масофаси қирғоқдан 50 метргача, бироқ чуқурлиги 3 метрдан ортиқ бўлмаган қизил ёки тўқ қизил буйлар (сувда саёзлик, йўл ва шу кабиларни кўрсатадиган қалқувчи белгилар) билан чегараланган бўлиши лозим.
Пляжлар акваториясида елканли, эшкакли ва моторли кичик ўлчамли кемалар ҳамда сув велосипедларидан фойдаланишга қўйилган тақиқ қарорнинг муҳим бандларидан бири бўлди.
Сузиш зоналарининг сув чегаралари эшкакли кемалар ва сув велосипедлари учун қирғоқдан 200 метргача, двигателли катерлар ва кичик ўлчамли кемалар учун қирғоқдан 300 метргача ва ундан ортиқ этиб белгиланди. Сув чегараларида буйлар шаклида огоҳлантириш белгилари ўрнатиш зарур.
Прокат пунктлари пляж акваторияси четидан камида 100 м масофада бўлиши, бўйинтўсиқлари, байроқчлали ишора қозиқлари билан белгиланган бўлиши керак. Кичик ўлчамли кемаларнинг жиҳозланмаган жойларда қирғоққа яқинлашиши тақиқланади.
Кичик ўлчамли кемаларда болаларнинг сузишига фақат қутқарувчилар кузатувида ва қутқарув мол-мулки (қутқарув доираси, 200 м узунликдаги капрон арқонли ғалтак, қутқарув жилетлари, камар, дастлабки ёрдам берувчи дорихона, (шу жумладан роторасширитель, S-cимон трубка ва шу кабилар) билан таъминланган навбатчи моторлар ва эшкакли қутқарув воситалари мавжуд бўлганда йўл қўйилади.
Кичик ўлчамли кемалардан фойдаланувчи фуқаролар сувда ҳалокатга учраётган одамларга ёрдам кўрсатиши шарт.
Кичик ўлчамли кемалардан фойдаланилганда қайиққа белгиланганидан кўп йўловчи чиқариш (юк сиғимидан ортиқ юк ортиш), одамларнинг чўмилиши учун ажратилган ва бу тўсиқлари билан тўсилган пляж акваториясига кириш, ишора қозиқлари, буйлар, буй йўлкалари билан белгиланган қирғоққа чиқиш жойларини кесиб ўтиш, ҳаракатдаги бошқа кемаларга яқинлашиш ва уларнинг йўлини 100 метрдан кам бўлган хавфли яқинликда кесиб ўтиш, 16 ёшгача бўлган болаларга катта ёшдагилар ҳамроҳлигисиз кемаларни прокатга бериш ва қайиқлар, катерлардан фойдаланиш, 12 ёшгача бўлган болаларни катта ёшдагилар ҳамроҳлигисиз кемага олиш, кичик ўлчамли кемалар бортларидан сувга сакраш ва шўнғиш, қутқарув воситаларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, кеманинг тумшуғи, қуйруғидаги бортларда ўтириш ёки оёқларни бортдан ташқарига осилтириш, бир жойдан бошқа жойга ўтиш ёки бошқа кемага ўтиш, алкоголли маҳсулотлар истеъмол қишиш ва маст ҳолатда кичик ўлчамли кемалардан фойдаланиш, кичик ўлчамли кема двигателининг қувватига мос бўлган кема ҳайдовчиси гувоҳномасига эга бўлмаган шахслар томонидан кичик ўлчамли моторли кемаларни бошқариш, кичик ўлчамли кемаларни базалари - тўхташ жойлари ва прокат пунктларидан ташқарида йўловчиларни чиқариш, тушириш, юкларни ортиш ва тушириш тақиқланади.
Соғломлаштириш ёки спорт мақсадларидаги, шунингдек аҳолининг дам олиши учун мўлжалланган сув ҳавзаларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбарлари акваторияларнинг сув юзаси ва соҳил бўйи участкаси белгиланган тартибда бириктирилган доираларда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилиниши учун шахсан жавоб берадилар, қутқарув постларини жиҳозлайдилар, сақлайдилар, уларни бинолар ва қутқарув анжомлари билан таъминлайдилар, шунингдек уларнинг фаолиятини назорат қиладилар.