Ўзбекистон | 19:26 / 31.05.2016
35642
2 дақиқада ўқилади

Ангрен-Поп йўналишида илк синов поезди ҳаракатланди

27 май куни Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл участкасидан тажриба тартибида биринчи поезд ўтди. Бу ҳақда, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар тарқатган.

Темир йўлнинг "Қамчиқ" туннели ичидаги 11-километрида рельслар туташтирилган.

“Туннелда темир йўл излари ва коммуникация воситалари ўрнатилган. Ўтган дам олиш куни поезднинг синов  қатнови ўтказилди”, — дейилган манба хабарида.

Поездларнинг туннел орқали доимий ҳаракати июнь ойининг охирида бошланиши режалаштирилган.

Ангрен-Поп темир йўли 123,1 километр узунликка эга бўлиб, бу масофанинг 19,1 километрлик қисми туннелдан иборат.

Туннелдаги бурғулаш ишлари Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси билан ҳамкорликда, пўлат полотнони ётқизиш ишлари эса «Ўзбекистон темир йўллари»нинг ўз кучи билан ўтказилди. Айни пайтда лойиҳанинг якуний босқичи — муҳандислик ишларини йўлга қўйиш ва йўлни электрлаштириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.

Туташтирилган туннел “Ангрен – Поп” темир йўлининг бир бўлагига айланади. Натижада Фарғона водийси Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан қулай темир йўл алоқаси билан боғланади.

2015 йилнинг август ойида янги темир йўлнинг 104 километрлик участкасида қурилиш ишлари якунланганди. Барча зарурий ишлар амалга оширилган, кўприклар ва сунъий иншоотлар барпо этилган, рельслар ётқизилган, электрлаштириш олиб борилган, шунингдек, вокзал ва станциялар қурилган.

2016 йилнинг февраль ойида эса бурғилаш ишлари якунланди, сўнг туннелнинг асосий йўналиши туташтирилди.

“Қамчиқ” довони денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда жойлашган. Довон орқали Ўзбекистонни Фарғона водийси билан улайдиган ягона автомобиль йўли жойлашган. Қиш вақтида ёғингарчилик кучайганда довон орқали қатнов анча мушкуллашади. Янги темир йўл алоқаси ушбу муаммонинг муваффақиятли ечими бўлиши мўлжалланган.