Жаҳон | 16:26 / 02.06.2016
18592
4 дақиқада ўқилади

Германия парламенти арманлар геноцидини тан олди

Бундестагда ўтказилган овоз бериш якунларига кўра, Туркияда 1915 йили арманлар қирғин қилинганини ифодаловчи арманлар геноциди бўйича резолюция қабул қилинди.

Ҳужжат "1915–1916 йилларда Усмонли салтанатида арманилар ва бошқа христиан камчиликларнинг геноциди хотирасига" деб номланган.

5 саҳифадан иборат бу резолюция Германиядаги бир нечта партия томонидан тақдим этилган. Қайд этилишича, парламент аъзоларидан фақат бир киши бу резолюцияга қарши овоз берган, яна бир депутат бетараф қолган.

Германияда бу масалага аввал ҳам эътибор қаратишган. Ўтган йили мамлакат президенти Гаук Усмонлилар даврида арманлар қирғин қилинишини геноцид деб атаганди.

Die Welt нашрининг ёзишича, овоз бериш жараёнида Германия канцлери Ангела Меркель, ТИВ раҳбари Франк-Вальтер Штайнмайер ва вице-канцлер Зигмар Габриэль иштирок этишмаган.

"Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонлилар империяси ҳудудида арманларнинг қирғин қилиниши арман халқининг минг йиллар давомидаги энг катта фожиаси эди", дея резолюциядан иқтибос келтиради РИА Новости.

Туркия бош вазири ГФРда арманлар геноцидини тан олиш бўйича овоз бериш орқали Туркия билан дўстлик ҳам синовдан ўтказилмоқда экани ҳақида гапириб ўтганди.

У Германияда 3,5 млн этник турклар яшаши, улардан 400 минг нафари Германия иқтисодиёти учун миллиардлаб евро келтирувчи тадбиркорлар эканини эслатиб ўтган.

Туркия ҳукумати бу резолюция қабул қилинадиган бўлса, Берлиндаги элчисини чақириб олиши мумкинлигини билдирган.

Арманистон томони ва кўпгина тарихчилар 1915 йилда 2 миллионга яқин арман Усмонлилар империяси томонидан ўлдириб юборилганини айтишади. Усмонлилар империясидаги арманлар сони Биринчи Жаҳон урушигача 2,5 миллионни ташкил қилган.

Шу вақтгача жаҳондаги 22та давлат Усмонлилар империяси даврида, 1915 йилдан 1922 йилгача арманлар геноциди амалга оширилганини тан олганди. Илк бор 1965 йили Уругвай арманлар геноцидини тан олган. Кейинроқ Россия, Австрия, Аргентина, Бельгия, Боливия, Канада, Чили, Кипр, Франция, Греция, Италия, Ливан, Литва, Нидерландия, Польша, Словакия, Швеция, Швейцария, Ватикан, Венесуэла, Люксембург, АҚШнинг 44та штати, Европарламент, Бутун дунё черковлари кенгаши геноцидни расман тан олишган.

2014 йилда Франция сенати "Усмонли султонлиги даврида арман қатлиомини инкор қилганларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши" ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлагач, Усмонлилар империяси даврида арман қатлиомини инкор қилган Франция фуқаролари 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниши ëки 45 минг евро жаримага тортилиши мумкин бўлиб қолди.

Ҳар йили 24 апрелда дунёда Усмонлилар империясидаги арманлар геноциди қурбонлари хотираси қадрланадиган кун нишонланади.

Туркия 1915 йилда юз берган ҳодисаларни Усмонли султонлигининг арманларни йўқ қилишга қаратилган сиёсати эмас, балки уруш оқибати деб билади ва геноцид фактини рад этади.

2014 йилда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған илк бора ҳалок бўлган арманлар авлодларига таъзия изҳор қилди, бироқ айни дамда Арманистон ҳукуматини мазкур мавзуни "сиёсий можаро мавзусига айлантириш"да айблайди.

У ўз нутқи давомида Усмонли турклар империяси ҳукмронлик қилган сўнгги йиллар диний ва этник келиб чиқишидан қатъи назар, турк, курд, араб, арман ва бошқа миллионлаб фуқаролар ҳаётида «ачинарли воқеаларга бой оғир давр» бўлганини эътироф этган.

Шунингдек, турк тарихчилари арманиларнинг қуролли гуруҳлари ўн минглаб мусулмонларни қирғин қилганини таъкидлайди.

Туркия ва Арманистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар тўхтатилган, давлатлар ўртасидаги чегара эса 1993 йилда ёпиб қўйилган.