Жамият | 17:53 / 03.06.2016
16846
3 дақиқада ўқилади

35 фарзанднинг отаси бўлган покистонлик 100 нафар фарзанди бўлишини истамоқда

35 фарзанднинг отаси бўлган покистонлик киши тўртинчи хотин изламоқда. У фарзандлари сонини 100 нафарга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бугунги кунда мусулмон давлатларида полигамия ҳолатлари у қадар кўп бўлмаса-да учраб туради. 

46 ёшли Сардор Жан Муҳаммад Ҳилжий имкон қадар кўп фарзанд кўришни ўзининг бурчи деб ҳисоблайди.  

Унинг уч аёли эрининг фикрларини қўллаб-қувватлайди. Сардор учала турмуш ўртоғи ўзаро келишиб аҳил яшашини таъкидлади.

Покистонлик кишиларга ислом шариати асосида тўрттагача хотин олишга рухсат этилади, бунинг учун уларга аввалги хотинлари ҳамда кенгаш розилик бериши керак.

"Мамлакатда кўп хотинлик камайиб бормоқда. Полигамия аёллар орасида депрессия ва тушкунлик ҳолатларини келтириб чиқармоқда, болалар эса ҳаттто отасини танишга қийналиб қолишмоқда", деди аёллар ҳуқуқи ҳимоячиси Рафиа Закария.

Отанинг вафотидан кейин унинг мероси масаласида ҳам кўплаб муаммолар юзага келади.

Бу оиланинг барча вакиллари нотинч Белужистон провинциясидаги Кветта ҳудудида 5та ётоқхонали уйда яшайди.

Унинг катта ўғиллари отасини қўллаб-қувватлаб, буни "Аллоҳнинг марҳамати" деб аташди. 13 ёшли Муҳаммад Эса отасига тақлид қилиб, ундан ўтиб кетишни ўзига мақсад қилганини айтди. 

Сардор Жан ўзини тиббий ходим деб таништириб, клиникада кишиларни "бош оғриқ" каби унча жиддий бўлмаган касалликлардан даволашини билдирди. У мижозларига кўрсатган хизмати эвазига атиги 250 рупий (2,30 доллар) олади, ночор беморларга эса текин хизмат кўрсатади. У шунингдек 400 нафар талаба таҳсил оладиган, хайрия пуллари ҳисобига молиялаштирилувчи семинарияни бошқаради.

У ҳеч қачон молиявий муаммоларга дуч келмаганини алоҳида таъкидлади. Бироқ фарзандлари вояга етгани сайин харажатлари ҳам ошиб бориши мумкинлигини англаб, ҳукуматни унинг оиласига озиқ-овқат томондан, таълим соҳасида ва тиббий ёрдам кўрсатишга чақирган.

Ҳукумат унинг сўровини бажармаган тақдирда ҳам у Аллоҳга ишончини йўқотмаслигини айтган.