Спорт | 08:24 / 10.06.2016
4853
2 дақиқада ўқилади

Америка Кубоги: Венесуэла Уругвайни енгиб, гуруҳ масаласини ҳал қилди

С гуруҳининг 2-турида Венесуэла Уругвай билан учрашди. Биринчи турда Ямайкани 1:0 ҳисобида мағлуб этган Венесуэла Суарессиз ҳаракат қилган Уругвайни ҳам шу ҳисобда енгди.

Ўйиннинг 8-дақиқасидаёқ венесуэлаликларнинг асосий футболчиларидан бири Росалес жароҳат олиб, мажбурий ўзгариш амалга оширилди. Лекин биринчи бўлимнинг ўзида Венесуэла гол уришга муваффақ бўлди ва устунликни ўйин охиригача сақлаб қолди. «Вест Бромвич» ҳужумчиси Соломон Рондон ўйиннинг 36-дақиқасида Алехандро Герранинг зарбасидан кейин ўзига келиб тушган тўпни рақиб дарвозасига жойлади - 1:0.

Уругвай ўйиннинг қолган қисмида майдонда устунлик қилган бўлсада, Эдинсон Кавани бир неча марта қулай имкониятларни йўққа чиқарди.

Эндиликда Венесуэла 6 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Уругвай эса кетма-кет 2 учрашувда ютқазиб, гуруҳдан чиқиш имкониятларини кескин камайтирди. Айни дамда давом этаётган Мексика Ямайкага мағлубиятга учрамаса, уругвайликлар бугуноқ мусобақа билан хайрлашади. Венесуэла эса кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлди.

Уругвай – Венесуэла 0:1 (0:1, 0:0)
Гол: 0:1 – 36 Рондон.
Уругвай – Муслера, Хименес, Сильва, Перейра, Годин, Санчес (Лодейро, 78), Аревало, Рамирес (Ролан, 73), Гонсалес (Корухо, 80), Стуани, Кавани.
Венесуэла – Эрнандес, Анхель, Фельчер, Росалес (Гонсалес, 8), Вискаррондо, Герра, Ринкон, Фигера (Отеро, 79), Мартинес, Пеньяранда, Рондон (Сейхас, 78).
Огоҳлантиришлар: Мартинес (16), Фигера (42), Сейхас (85).