Жаҳон | 09:47 / 17.06.2016
8670
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат департаменти Обамани Сурия армиясига зарба беришга чақирмоқда

АҚШ давлат департаментининг 50дан ортиқ ходими президент Обаманинг Суриядаги сиёсатини кескин танқид қилувчи ички меморандумни имзолаган. ОАВ хабарига кўра, унда жумладан, АҚШ ҳарбийлари Башар Асад тузумига қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаши лозимлиги ҳақида сўз боради. Шундагина, тузум ҳарбийларининг ўт очишни тўхтатиш тартибини доимий бузиш ҳолларига чек қўйиш мумкин. 

Меморандум муаллифларининг фикрича, Суриядаги фуқаролик урушига барҳам берувчи чоралар кўришга сабаб бўлувчи ахлоқий императив шубҳага ўрин қолдирмайди. Уларнинг сўзларига кўра, "Асаднинг ашаддий суиистеъмолини тўхтата олмаслик, ИШИД каби гуруҳларнинг, гарчи улар жангдан сўнг тактик мағлубиятга учраган тақдирда ҳам, жозибасини оширишга хизмат қилади".

Шу билан бирга, Давлат департаментида ҳужжат мазмунига изоҳ беришдан бош тортишган. 

15 июнь куни АҚШ давлат котиби Жон Керри Сурия ҳукуматини, Суриянинг барча ҳудуди бўйлаб жанговар ҳаракатлар суръати пасайганига қарамай, Ҳалабга ҳужумни давом эттиришда айблаган эди.