Жаҳон | 10:41 / 17.06.2016
6972
2 дақиқада ўқилади

БМТ ИШИДнинг язидларга нисбатан геноцидини тан олди

БМТ терговчилари ИШИД террорчилик гуруҳини илк маротаба Ироқ ва Суриядаги язидларни қатлиом қилганликда айблади. ОАВнинг ташкилот ҳисоботига асосланган ҳолда хабар қилишича, диний террористик гуруҳ аъзолари, язидларни энг даҳшатли ваҳшийликларга солган, оммавий қатл этган ҳамда уларни қул қилган. 

Террорчиларнинг бундан кўзлаган мақсади, язидлар ва уларнинг маданиятини бутунлай йўқ қилишдан иборат бўлган, дейилади БМТ ҳисоботида. Эндиликда, ташкилот язидларга ёрдам беришни минтақадаги ўзининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб олган. Ҳозирда 3200 нафар язид ИШИД ихтиёрида қамоқда сақланмоқда. 

ОАВнинг қайд этишича, террорчи-жангарилар, язидларни "шайтонга ибодат қилувчилар" деб ҳисоблагани боис, уларни ўлдириш ёки қул қилиш мумкин, деган фикрда. 
2014 йил августида ИШИД жангарилари Ироқнинг шимоли-ғарбий ҳудудида Синжур туманидаги минглаб язидни қуршаб олган эди. Ўшанда эркаклар ва 12 ёшгача бўлган ўғил болалар, аёллар ва қизлардан ажратиб олиниб, отиб ташланган, дейилади ҳисоботда. Аёллар ва қизлар эса, доимий тажовуз ва зўравонликлар нишони бўлган.