Ўзбекистон | 19:23 / 20.06.2016
23001
2 дақиқада ўқилади

ШҲТнинг барча етакчилари Тoшкентдаги саммитда иштирок этиши кутилмоқда

Ўзбекистон ТИВ Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча мамлакат раҳбарларининг 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган саммитда иштирок этишига умид билдирмоқда. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазир ўринбосари Анвар Носиров 20 июнь душанба куни журналистларга маълум қилди

ШҲТ таркибига Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Шунингдек Беларусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон мамлакатлари кузатувчи мақомига эга. 2015 йилда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг қабул қилиниши йўлга қўйилган. 

"ШҲТга аъзо мамлакат раҳбарларининг барчаси мажлисдаги иштирокини расман тасдиқлади", - маълум қилди Носиров.

Унинг сўзларига кўра, ШҲТ кузатувчиларидан Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон, Покистон мамлакатлари президентлари, Ҳиндистон бош вазири ва Эрон ТИВ раҳбари саммитда иштирок этишади. ШҲТга раислик қилаётган Ўзбекистоннинг меҳмони сифатида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов таклиф этилган. 

Шунингдек, Носиров тадбирда қатнашиш учун Тошкентга ШҲТ иштирокчи-мамлакатларидан минглаб халқаро ташкилот ва хорижий ОАВ вакиллари иштрок этишини маълум қилди.

"Давлат раҳбарлари учрашувининг асосий якуний ҳужжати - ШҲТ 15 йиллигининг Тошкент декларацияси бўлиб, унда ташкилотнинг 15 йиллик фаолияти, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ШҲТ ривожланиш истиқболларига мувофиқлашган ёндашуви, шунингдек бугунги кундаги халқаро ва минтақавий вазиятга нисбатан позицияси баҳоланади", - ёдга солди у. 

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, декларациясида ШҲТ мамлакатлари етакчилари ташкилот хартиясида қайд этилган бошқа давлат ва ташкилотларга йўналтирилмаганлик принципларини қайта тасдиқлашади.

Саммитда давлат раҳбарлари 2016 - 2020 йилларга мўлжалланган сиёсат, хавфсизлик, иқтисодий, маданий-гуманитар, ахборот ва халқаро соҳаларга оид асосий йўналишлар бўйича тадбирлар режасини тасдиқлашлари режалаштирилмоқда.