Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки сотувчиларига харидорнинг ёшини аниқлаштириш мажбурияти қўйилди
Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10 июндаги қарори (pdf) билан мамлакат ҳудудидаги чакана савдо қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.
Бундан буён алкоголли ва тамаки маҳсулотлари сотиш билан шуғулланувчи сотувчилар кўриниши йигирма ёшдан кичик кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулотларни ва тамаки маҳсулотларни сотишни рад этиши шарт ҳисобланади.
Бундан ташқари, янги тартибларга кўра алкоголь ва тамаки маҳсулотларини савдо автоматлари орқали сотиш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларига ўхшаш кўринишдаги болалар ўйинчоқлари ва ширинликларини сотиш ман қилинади.
Алкоголли маҳсулотлар сотиш жойларида алкоголли ичимликлар 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги, алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар бўлмаган ҳолатларда сотиш тақиқланди.
Бу тақиқ алкоголли маҳсулот идишида ёки тамаки маҳсулот қутисида (ўрамида) алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлигига салбий таъсири тўғрисидаги матн ёки расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаган ҳолатлар учун ҳам тегишлидир.
Худди шундай талаблар Ўзбекистонда умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига ҳам киритилди. Қўшимча равишда, қоидаларда умумий овқатланиш жойларида алкоголь маҳсулотларини олиб чиқиб кетиш учун сотиш тақиқланди.