Жамият | 19:45 / 24.06.2016
19786
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри кўчаларида ёпиқ ойнаванд бекатлар пайдо бўлмоқда

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида автомобиль йўлларининг кенг кўламли таъмирланиши баробарида жамоат транспорти бекатлари янгиланмоқда. 

«Газете.uz» нашрининг Тошкент шаҳри ҳокимияти ободонлаштириш бош бошқармасига асосланиб хабар қилишича, босқичма-босқич равишда шаҳардаги барча бекатлар фойдаланувчилар учун қулай ҳолатга келтирилади.

Замонавий бекатларда аввалги қуёш ва ёмғирлардан ҳимоя қилиш учун юқори қисмида фақат бостирма бўлган эски бекатлардан фарқли равишда икки ёнида шишаванд панеллар ўрнатилган. Бекатларда ўриндиқлар, транспортларнинг ҳаракатланиш йўналишлари кўрсатилган харита ҳам мавжуд.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 2000дан ортиқ бекат борлиги ҳисоблаб чиқилган. Тошкентнинг 11та туманида жойлашган 429та автобус бекати Тошкент шаҳри ҳокимияти ободонлаштириш бош бошқармаси тасарруфида. Яна 639та бекат туман ҳокимиятлари ободонлаштириш бошқармалари ихтиёрида.

200га яқин шиша ва металлдан иборат бекат шаҳар ҳокимлиги билан шартнома асосида JCDecaux UZ компанияси томонидан ўрнатилган. 

687та бекат тадбиркорларга ижарага берилган. Бу бекатлар ҳам шиша девор ва эшиклар билан жиҳозланиб, замонавий қиёфа касб этмоқда.

Кейинги бир неча ой ичида бекатларда 3000та чиқинди қутиси ўрнатилди, яна 2000та шундай қутилар буюртма қилинган ва барча бекатлар шундай қутиларга эга бўлиши кўзда тутилган.

Шаҳарнинг ташқи қисмида, Катта ҳалқа йўли бўйлаб жойлашган 113та бекат «Ўзавтойўл» компаниясига тегишли.