Ўзбекистон | 12:34 / 29.06.2016
33633
3 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги теракт вақтида жабрланганлар орасида ўзбекистонлик аёл бор

29 июнга ўтар кечаси Истанбул шаҳридаги Отатурк халқаро аэропортида содир этилган портлашлар туфайли жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқароси бор. Бу ҳақда kun.uz сайтига Истанбулдаги шифохонага жароҳат олган ҳолда ётқизилган ўзбекистонлик аёлнинг ўзи маълум қилди.

Маълумот учун, 28 июнь оқшомида Тошкентдан Истанбулга HY274 рейси амалга оширилган. Бу самолёт Истанбул вақти билан соат 23:55да Тошкентга қайтиш рейсига чиқиши керак бўлган.

Террорчилар ҳужумидан сўнг аэропортда самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш тўхтатилган. Маҳаллий вақт билан бугун соат 02:00да эса парвозлар қайтадан йўлга қўйилди. Лекин ҳали HY274 рейси ҳали Ўзбекистонга қайтмади.

Ҳозирча "Ўзбекистон ҳаво йўллари" АК сайтида бу ҳодиса бўйича маълумот берилмади. Компания матбуот хизматида бугун Тошкентдан яна бир рейс Истанбулга парвоз қилгани, 28 июнь оқшомида ортга қайтиши керак бўлган HY274 рейси тақдири кейинроқ маълум бўлиши ҳақида айтилди.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик фойдаланувчилар бу теракт вақтида ўзбекистонликлар жабрланган бўлиши мумкинлигидан хавотирларини билдиришган. Ҳодиса жойида олинган суратлардан бирида ташқи кўриниши ўзбекистонликларни эслатувчи оила кўринади.

Қайд этиш керакки, Анқара ва Истанбул шаҳарларида шу йилнинг баҳорида юз берган портлашлар ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатганди. Яқин вақт ичида вазирлик сайтида бу галги теракт ҳақида ҳам маълумот эълон қилиниши ва теракт жабрланувчилари орасида Ўзбекистон фуқаролари бор ёки йўқлигига расман аниқлик киритилиши кутилмоқда.

28 июнь оқшомида, маҳаллий вақт билан соат 22:00га яқин аэропортнинг умумий фойдаланиш қисмида биринчи портлаш содир этилди. Шундан сўнг яна 2 терминалда портлаш юз берди.

Аэропорт ҳудудига бостириб кирган 3 нафар жангари ўт очиши ва юз берган портлашлар оқибатида 36 киши ҳалок бўлган, 147 киши жароҳатланган. Қурбонлар сони ортиши ва жароҳатланганлар сони расмий маълумотлардагидан кўп бўлиши мумкинлиги истисно этилмаяпти.

Ассошиэйтед Пресс хабарига кўра, қурбонлар сони 50 нафар атрофида.