Ўзбекистон | 02:26 / 02.07.2016
21628
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов фармони билан мустақилликнинг 25 йиллигига эсдалик нишони таъсис этилди

Президент Ислом Каримовнинг 1 июлдаги фармони билан «Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди.

«Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.

Эсдалик нишонининг олд томони марказида қуёш нурлари фонида Мустақиллик майдонида жойлашган Мустақиллик ва эзгулик монументида акс эттирилган Бахтиёр она ҳайкали тасвирланган. Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган оқ эмалли доирада «O'ZBЕKISTON MUSTAQILLIGIGA» сўзлари, пастки қисми марказида эса иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида «25 YIL» ёзуви акс этган.

Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, пастки қисмининг марказида «2016» ёзуви тасвирланган.

Эсдалик нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағич билан туташтирилган. Қадағич Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги, эни 20 миллиметрли шойи лента билан қопланган.