Жаҳон | 08:38 / 08.07.2016
18244
3 дақиқада ўқилади

Дунёга қотил-бактерия хавф солмоқда

Мексика бўғози соҳилларида дам олувчи ва яшовчилар яқин орада ўлимга олиб келувчи хавфга дуч келишлари мумкин. Олимлар бу ердаги сувларда жуда хавфли "Синтия" бактерияси қўним топганини айтишмоқда. Бу бактерия инсон организмига тушиб, кейинроқ оёқ-қўлларни йўқотишга олиб келувчи гангрена келтириб чиқариши ва ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин, деб ёзмоқда The Guardian нашри.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, воқеа 2010 йилда British Petroleum’нинг нефть платформасида портлаш юз бергандан кейин бошланган. Мутахассислар ярим йил давомида фалокат оқибатларини бартараф этишга уринишган: портлаш оқибатида денгизга 5 млн баррел нефть тушиб, 100 минг квадрат километрлик улкан нефть доғи ҳосил бўлган. Зиённи қоплаш учун компания турфирма ва балиқчиларга 27 млн евро товон пули тўлаган.

Катта молиявий йўқотишлар компанияни фалокат оқибатларини батараф этишда ноанъанавий усулларга мурожаат қилишга мажбур қилган. Жумладан, бу мақсадда Нобель мукофоти совриндори  Хемильтон Смит бошчилигидаги 20 нафар таниқли олимлар нефтни ютиб ва сувни тозалашга кўмак берувчи бактерия яратишган. У "Синтия" деган ном олган. Бироқ нимадир издан чиққан ва бактерия одамларга "ҳужум қила" бошлаган.

Баъзилар эса бактерия денгизда доим бўлгани, бироқ нефтнинг денгизга тушиши вазиятни мураккаблаштирганини айтишган. Бу фикрни маҳаллий аҳоли вакили Жоко Энгл ҳам маъқулламоқда. Унинг оёғи зарарлангандан кейин бир неча баробар катталашиб кетган.

"Фикримча, нефть улар ишлатган кимёвий моддалар билан биргаликда Синтиянинг ривожланиши учун муҳит яратган", деб айтмоқда Энгл.

Унинг фикрича, бу бактериядан икки йўл билан зарарланиш мумкин: денгизда овланган денгиз маҳсулотлари ҳамда танадаги жароҳат орқали. Бактерия тери остига киргач, мушаклар орасида жойлашиб, жуда зарарли токсин ишлаб чиқаради ҳамда мушаклар таркибини барбод қилади.

АҚШ касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказида охирги йилда бактериядан 97 киши зарарлангани, улардан 27 нафари ҳалок бўлгани маълум қилинди.