Жаҳон | 06:48 / 16.07.2016
16973
1 дақиқада ўқилади

Туркия разведкаси: Давлат тўнтаришига уриниш тўхтатилди

Туркия Миллий разведка ташкилоти вакили Нуҳ Йилмаз мамлакатда ҳарбий йўл билан давлат тўнтарилишининг олди олингани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга асосланган ҳолда ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

«Туркияда ҳукумат тўнтаришга уриниш тўхтатиб қолинди. Жараён эрталабгача якунланади», — деган Йилмаз.

У давлат тўнтаришга уриниш туркиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилганини таъкидлаган.

Бундан олдинроқ, ҳарбийлар Анқарадаги ўз позицияларини тарк эта бошлагани хабар қилинганди. Қайд этилишича, ўн минглаб кишилар Анқара кўчаларига чиққан ва исёнчи ҳарбийларга қаршилик кўрсатган.

15 июль куни кечқурун туркиялик ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширишга ҳаракат қилди. Ҳарбийлар Босфор кўпригини тўсиб қўйган ва полицияни қуролсизлантирган. Анқара шаҳри осмонида ҳарбий самолётлар парвоз қилган, Истанбулда танклар орқали аэропорт йўллари тўсиб қўйилган.