Жаҳон | 09:11 / 21.07.2016
29838
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Эрдўғанни Россия Мудофаа вазирлиги қутқариб қолди

Россия томони Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш бошланишидан бир неча соат олдин бу ҳақда огоҳлантирган. Бу ҳақда Эроннинг Fars ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Агентлик маълумотига кўра, араб нашрлари Анқарадаги манбаларга асосланиб шу ҳақда маълумот олган.

Манбаларнинг изоҳлашича, Туркия миллий разведкаси Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий тўнтариш тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирилган.

Манбанинг айтишича, минтақадаги россиялик ҳарбийлар турклар армиясида фитнага тайёргарлик кўрилиши бўйича алоқалар ўрнатилганини пайқаган.

Исёнчилар Эрдўған жойлашган Мармарисдаги меҳмонхонага уни ҳибсга олиш ёки йўқ қилиш мақсадида вертолётлар жўнатиши ҳақида ҳам маълум бўлган.

Лекин россияликлар бу маълумотарни айнан қаерда қўлга киритганига аниқлик киритилмаган. Қайд этилишича, Суриянинг Хмеймим базасидаги Россия ҲКК тасарруфида шундай ахборот сигналларини тутиш имконияти мавжуд.

Анқарадаги юқори лавозимли амалдорнинг айтишича, расмийлар давлат тўнтаришига тайёргарлик кетаётгани ҳақида 5 соат олдин хабардор бўлишган.