Орол денгизининг аянчли тақдири
Nationalgeographic.kz журнали Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги Орол денгизи “соҳиллари”да жойлашган аҳоли пунктларининг турмуш тарзига доир мақоласини чоп этди.
Барчага яхши маълумки, бир пайтлар мавж урган Орол денгизи сўнгги ўн йилликларда бир неча маротаба қисқариб кетди. У қуриб бормоқда. У “ўлмоқда”. Айрим маҳаллий аҳоли вакиллари сувнинг чекиниши ва денгизнинг ачинарли ҳолатини "охирзамон" аломати ҳам дейишади. Аслида, минтақада ҳаёт кечириш ҳақиқатдан ҳам мураккаб.
Эндиликда, қачонлардир ушбу ерларда денгиз бўлганини, унинг табиатига хос ҳайвонлар ҳақида Орол ўлкашунослик музейидаги воситалар орқали хабар топиш мумкин.
Кўп йиллар мобайнида Сирдарё ва Амударё сувлари денгизга қуйилган, унинг сувлари эса фақатгина буғланиш билангина камайиши мумкин эди. Шу билан денгиз сувининг меъёри, мувозанати сақланган.
Бугунги кунда, аҳён-аҳёнда туз кенгликларида пайдо бўлиб қоладиган кема қолдиқлари, қачонлардир бу ерларда улкан денгиз бўлганига жонсиз гувоҳ сифатида қаққайиб турибди.
Қачонлардир бу минтақа орқали Ипак йўли ҳам ўтган. Дарёлар суви билан тўлган Орол денгизи Хитой карвонлари ўтувчи қишлоқларга ҳаёт бахш этган.
Авваллари, бу ерларда нафақат қозоқ ва ўзбеклар, балки тожиклар ва бошқа миллат вакиллари ҳам тинч-тотув, осуда ҳаёт кечирганлар. Улар чорвачилик, савдо, балиқчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб келишган.
Олимларнинг таъкидларича, денгиз сув сатҳи айрим йиллар ва даврларда вақти-вақти билан камайиб, ортга чекиниб турган. Бироқ, совет даврида вазият тубдан ўзгарди. Ўзбекистонни йирик пахта даласига айлантириш қарори кўп ўтмай ўзининг салбий жиҳатларини намоён эта бошлади. Катта ҳудудларга экилган пахта далаларини суғориш мақсадида йирик каналлар қазилди, Амударё ва Сирдарё сувлари уларни тўлдирди. Бу улкан ютуқ дея баҳоланди. Афсуски, йил сайин денгизга қуйилаётган сув ҳажми камайиб бориб, асрнинг энг катта экологик фожеасига олиб келди.
1987 йили Орол денгизи сув сатҳининг кескин камайиши туфайли, у иккита йирик сув ҳавзасига бўлинди. Унинг шимолий қисми Қозоғистонга, жанубий қисми Ўзбекистонга қарашли эди.
Минтақадаги экологик вазиятнинг танглиги сабаб, онкологик касалликлар сони ҳам кўпайиб бораяпти. Маҳаллий аҳоли орасида нафас олиш йўллари касалликлари билан хасталаниш ҳоллари кўпайган. Сил касаллиги ҳам жиддий муаммо туғдирмоқда.
Орол денгизи, 1977 йил. Фазодан кўриниш.
Орол денгизи, 1987 йил. Фазодан кўриниш.
Орол денгизи, 1998 йил. Фазодан кўриниш.
Орол денгизи, 2006 йил. Фазодан кўриниш.
Орол денгизи, 2010 йил. Фазодан кўриниш.