Жамият | 17:00 / 05.08.2016
23379
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон интернет энг қиммат бўлган давлатлар бешлигида қайд этилди

«Алоқада бўл» интернет-лойиҳаси таҳлилчилари нима учун интернет ҳақи турли давлатларда ҳар-хил баҳоланишини ўрганишди. Улар дунёнинг ЯИМ ҳажми энг катта бўлган 100 мамлакатида симли интернет тарифлари бўйича тадқиқот ўтказишди. Бунинг учун ҳар бир давлатнинг энг олд икки етакчи-операторларидаги нархлар асос қилиб олинган.

Мисол учун, Россиядан «Ростелеком» ва «ЭР-Телеком» олинган бўлса, Испаниядан — Telefonica/Orange, Германиядан эса — T-Mobile (Deutsche Telekom) ва Vodafon.

Интернет учун тўлов нархлари 2016 йил 27 июль ҳолатига кўра АҚШ доллари курсига ўгирилган.

Ўтказилган тадқиқот натижалари эса Ўзбекистон Эфиопия, Ангола, Мьянма ва Туркманистон давлатлари билан бир қаторда интернет энг қиммат бўлган мамлакатлар бешлигидан ўрин олганини кўрсатган.

«Ўзбекистонга тўхталадиган бўлсак, тадқиқотлар мобайнида кўрсатилган нархлар, бизнинг назаримизда бирмунча оширилган. Бир нечта провайдерлар маълумотига кўра (Uzonline, TPS, Sarkor Telecom тариф режалари таҳлилда кўриб чиқилган) ўртача ҳисобда Интернет нархи ойига 80 долларни ташкил қилади», — дея хабар қилган аналитиклар.

Лойиҳа муаллифлари бу ерда муаммо тезликда эканлигини айтишган.

«Халқаро тадқиқот давомида тезлиги сониясига 10дан 100 Мбитгача бўлган, чекловларсиз трафикка эга интернет тарифлари асос қилиб олинган эди. Ўзбекистондаги маҳаллий провайдерлар ўз абонентларига бундай тезликка эга бўлган лимитсиз тарифларни тақдим этмас экан. Маҳаллий «интернетчиларнинг» ўз абонентлари учун етказиб бера олишлари мумкин бўлган энг максимал тезлиги — сониясига 10 Мбитни ташкил қилади, холос», — деб ёзилган хабарда.

Интернет энг қиммат бўлган мамлакат  Эфиопия экани маълум бўлди — ойига 198 доллар. Украина эса интернет энг арзон мамлакат сифатида қайд этилди — ойига 3,44 доллар. Симли интернет арзон бўлган давлатлар рўйхатининг 2-ўрнини эса Россия эгаллади (ойига 5,55 доллар).

Интернет энг қиммат бўлган мамлакатлар бешлигига Эфиопиядан ташқари Туркманистон (169 доллар), Ангола (166 доллар), Мьянма (150 доллар) ва Ўзбекистон (144 доллар) киритилган.