Жаҳон | 11:17 / 10.08.2016
18351
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Эрдўған Петербургга ташрифи чоғида ўзини ноқулай ҳис қилган

Фото: РИА Новости

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Санкт-Петербургга ташрифи чоғида "Россияда ошкора равишда ўзига жой қидирди", деб ёзмоқда Washington Post нашри РФ президенти Владимир Путиннинг турк етакчиси билан ўтказган музокаралари якунига бағишланган мақоласида. 

Газета икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашганидан сўнг биринчи марта амалга оширилган ушбу ташриф, Эрдўғаннинг омадсизликка учраган давлат тўнтаришидан кейинги илк хорижий сафари эканини ҳам таъкидлаган. Америкалик журналистларнинг фикрича, турк етакчиси "Россияда ўзи учун қулайлик қидирган". Умуман, кузатувчилар Эрдўған ҳатти-ҳаракатларида яқин ўтмишда содир бўлган "Москвага нисбатан душманона сиёсатнинг том аксига гувоҳ бўлишган". 

Газета ўқувчилар эътиборини Эрдўғаннинг Путинга "менинг қадрли дўстим" деб мурожаат қилиши ҳамда "давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, зудлик билан ёрдам кўрсатгани учун" кўп марта ташаккур изҳор қилганига қаратган. Бундан ташқари, нашрнинг иқтибос келтиришича, турк етакчиси "икки мамлакат ўртасидаги алоқалар инқироздан олдинги ва балки ундан ҳам юқорироқ даражага қайтишини" бир неча маротаба таъкидлаган.

Айни вақтда, Washington Post нашрига кўра, "эҳтимол, музокаралар Ғарбнинг Туркия сиёсий йўналиши борасида хавотирларига сабаб бўлар, чунки бу ерда давлат тўнтаришига уринишдан кейин давлатни бошқаришнинг авторитар усуллари тобора кўпроқ кузатилмоқда".

Айни чоғда, Путин ва Эрдўған, Россия бомбардимончи самолётининг уриб туширилганидан сўнг, биринчи марта учрашаётганлари боис, "олий даражадаги музокаралар натижаларига таъсир этиши мумкин бўлган мавзуларни муҳокама қилишмаган".

Газета шунингдек, Вашингтон Яқин шарқ институтининг Туркия дастури раҳбари Сонер Чағаптойнинг қарашини ҳам келтиради. У, Путин ва Эрдўғаннинг учрашувига катта аҳамият қаратган. Унинг фикрича, расмий Анқаранинг ташқи сиёсати "ҳозирда икки йўл бошида турибди". Чағаптойнинг айтишича, "сўнгги вақтларда илк маротаба Туркиянинг НАТОга аъзолиги борасида жиддий мунозаралар бўлиб ўтмоқда", мамлакатдаги кўплаб расмий шахслар, Туркия ҳақиқатдан ҳам Россия билан яқинлашадими?, деган саволни муҳокама этмоқда. Экспертнинг таъкидлашича, Эрдўған "бундай кескин бурилишни осонгина амалга ошира олади".