Жаҳон | 23:49 / 10.08.2016
10751
2 дақиқада ўқилади

Россия олий суди "Тожик меҳнат мигрантлари" ҳаракатини тарқатиб юборди

Россия олий суди Россия адлия вазирлигининг "Тожик меҳнат мигрантлари" ("Таджикские трудовые мигранты" ) Умумроссия жамоатчилик ташкилотини қурултойлари низомида ва баённомаларида аниқланган қоидабзарликлар учун тарқатиб юбориш ҳақидаги даъво аризасини қондирди. Маълум қилинишича, ташкилот ўзининг умумроссия ташкилоти мақомини тасдиқламаган ва адлия вазирлигига структуравий бошқармалари ҳақида нотўғри маълумотлар бўлган ҳужжатларни тақдим қилган. 

Адлия вазирлиги вакили судда ташкилот қурултойлари баённомаларини тегишлича расмийлаштирмаслик билан боғлиқ кўплаб қўпол хатоларга йўл қўйгани ва сўралган ҳисоботларни бермаганини айтган. Вазирликнинг фикрича, ҳаракат ўзининг умумроссия ташкилоти мақомини тасдиқлай олмаган, чунки ташкилотнинг ҳудудий бўлинмалари рўйхатига Россиянинг фақатгина 38 та субъекти киритилган. Ваҳоланки, бунинг учун камида 43 та субъект бўлиши керак. 

"Тожик меҳнат мигрантлари" ҳаракати 2008 да ташкил этилиб, шу йили рўйхатдан ўтказилган. У рўйхатдан ўтган вақтда 46 та ҳудудий бўлинмасини ўз ичига олган.