WeChat супериловаси Хитойда ҳамма нарсани ўзгартирмоқда
Яқин кунларгача Хитой интернети йирик ғарбий компаниялар маҳсулотларининг нусхасини яратар эди, бироқ WeChat супериловаси пайдо бўлиши билан ҳаммаси ўзгара бошлади. У интернет ва бизнинг ҳаётимизни ўзгартиришга қодир кўринади. Қандай қилиб дейсизми?
Хитойда Facebook, Twitter ва Google йўқ, лекин уларнинг ўрнини босувчи суперилова бор.
Тасаввур қилинг: итингизни чўмилтириш керак. Шунда WeChat'ни очасиз, шу иш билан шуғулланувчи махсус мутахассис келиб, уни чўмилтириб кетади.
Сиз бу жараённи суратга туширасиз ва WeChat орқали дўстларингиз билан бўлишасиз.
Дўстингиз суратни кўриб, унинг итини ҳам чўмилтириш кераклиги ёдига тушади. У худди ўша мутахассисга мурожаат қилади ва иловадан чиқмаган ҳолатда у билан ҳисоблашади ҳамда миннатдорчилик билдиради.
У сизга ўзига ёқиб қолган ресторан ҳақида сўзлаб беради. Уни топиш осон эмас, аммо WeChat'да харита бор.
Ресторанга бориш учун такси буюртма қилиб, унинг пулини WeChat'да тўлайсиз.
Ресторанда таомни суратга олиб, ўша илованинг ўзида унга изоҳ ёзасиз.
Илованинг ўзига хослиги шундаки, унда ҳар қандай маълумот интернет бўйлаб тез ва кенг тарқалади.
Тижоратчилар учун бу илова айни муддао, чунки энди улар сиз ҳақингизда ҳамма нарсани билиб олишлари мумкин.
WeChat иловаси 2011 йилда Хитойнинг Tencent компанияси томонидан яратилган. Ўшандан бери илова фойдаланувчилари тўхтовсиз ўсиб бормоқда ва бугунга келиб, уларнинг сони 750 миллиондан ортиқни ташкил қилади.