Жаҳон | 08:50 / 13.08.2016
15848
5 дақиқада ўқилади

13 август - Халқаро чапақайлар куни

Ҳар йили 13 августда норасмий равишда Халқаро Чапақайлар куни (International Lefthanders Day) нишонланади. 1984 йилда ЮНЕСКО 13 августда Чапақайлар кунини нишонлаш борасида қарор қабул қилди. Бундан кўзланган асосий мақсад чап қўлидан кўпроқ фойдаланаётганларга эътибор қаратишдан, улар учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришдан иборат. Маълумки, бир қатор мамлакатларда чапақайларни ўнг қўлда ёзишга мажбур қилиш ҳоллари ҳам учраб турарди. Халқаро Чапақайлар кунининг ўтказилишидан асосий мақсад ҳам мана шу каби нохуш ҳолатларга барҳам беришга қаратилган. Биринчи ўн йилликда бу байрам тор доирада нишонланган. Кенг жамоатчилик узоқ муддат Чапақайлар кунига эътибор қаратмай келган.

Айрим маълумотларга кўра, илк бор Халқаро чапақайлар куни 1976 йилнинг 13 августида Lefthanders International ташкилотининг ташаббусига кўра нишонланган эди. Бироқ бошқа манбалар биринчи Халқаро Чапақайлар куни 1992 йилнинг 13 августида Британия чапақайлар клуби томонидан ўтказилганини айтишади. 

АҚШда ўтказилган 1991 йилги тадқиқотларга кўра, бошқаларга нисбатан чапақайлар кўпроқ ишлаб чиқаришдаги фалокатларда жароҳат олар  ва  вафот этар экан.

Таҳлилчиларнинг фикрича, сайёрамизда истиқомат қилаётган аҳолининг 15 фоизини чапақайлар ташкил қилади. Ёки ҳар етти кишидан бири чапақайлардир. Чапақай деганда ўнг қўлидан кўра кўпроқ чап қўлини ишлатаётганларга айтилади. Улар овқат ейиш, ёзиш ва бошқа ҳамма зарур ишларни чап қўлда бажаришади. Чапақайлар маиший ҳаётда бир қатор қийинчиликлар билан тўқнаш келади. Бу борада ёзиш қуроллари, компьютер сичқончаси, ошхона жиҳозлари ва бошқа буюмлар ўнақайларга мўлжаллаб ишлаб чиқарилгани аниқ. 

Аёлларга нисбатан кўпроқ эркаклар чапақай бўлар экан. Чапақайлар энг кўп истиқомат қиладиган минтақалар қаторига Жанубий Осиё, Шарқий Европа, Жанубий-Шарқий Осиё ва Австралияни киритиш мумкин. Жанубий ярим шар кўпроқ чапақай экани айтилади. Айни дамда ер юзидаги чапақайларнинг сони 500-800 миллион атрофида экани маълум қилинган. Европада туғилаётган чақалоқларнинг 10 фоизини чапақайлар ташкил қилади. Йил сайин чапақай бўлиб туғилаётган чақалоқлар сони ортиб бормоқда. Шу сабабли ҳам Халқаро Чапақайлар куни ер юзидаги миллионлаб кишиларнинг байрами, десак хато қилмаймиз.

Катта ёшга етгач чапақайлар артист, рассом, ёзувчи бўлиб етишишади. Улар қиличбозлик ва стол тенниси билан шуғулланишни севишади. 2014 йил октябридаги ҳолатга кўра, жаҳондаги энг зўр теннисчининг 20 нафари чапақай бўлган.

Руҳшуносларнинг фикрича, чапақайлар кучли характер ва катта ижодий имкониятлар соҳиби бўлар экан. Масалан, чап қўлда ижод қилганлар сифатида Аристотель, Марк Твен, Леонардо да Винчи, Микеланжело, Бетховен, Сергей Рахманинов, Пол Маккартни, Ринго Старр, Мерилин Монро, Роберт де Ниро кўрилади. Юлий Цезарь, Александр Македонский, Наполеон Бонапарт, Қиролича Виктория, Уинстон Черчилль ва Жанна Д'Арклар ҳам чапақай бўлган. АҚШ президентларидан Жеральд Форд, Рональд Рейган, Катта Жорж Буш, Билл Клинтон ва Барак Обамани ҳам чапақай бўлгани маълум. Фидель Кастро ҳам чапақай.

13 августда чапақайлар иштирокида турли тадбирлар ўтказилади. Бу тадбирларда иштирок этадиган ўнақайларга фақат чап қўлдан фойдаланиш тавсия этилади.

Халқаро Чапақайлар ассоциациясининг қароргоҳи АҚШнинг Канзас штатидаги Топика шаҳрида жойлашган. Мазкур Ассоциация томонидан “Чапақайлар тўғрисида Билль” қабул қилинган. 
Руҳшуносларнинг фикрича, келажак чапақайларники экан. Орадан юз йиллар ўтиб, ўнг қўллилар камайиб кетар экан. Ана ўшанда ҳозиргидек Чапақайлар сингари Ўнг қўллилар куни нишонланса ажаб эмас. Шу сабабли чапақайларга эътиборсиз бўлмаслигимиз керак. Мабодо хонадонингизда кимдир чапақай бўлса, унга беэътиброр бўлманг. У ишлатадиган бирор бир буюмни совға қилишни унутманг. Уларни камситиш эмас, балки рағбатлантириш керак. Бу борада АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Германия тажрибасини қўллаш керак. Бу мамлакатлардла чапақайларни ўнг қўлда ишлашга мажбур қилишмайди, балки чапақайлар учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилади.

Шарофиддин Тўлаганов / Tnews.uz