Спорт | 20:55 / 14.08.2016
37881
3 дақиқада ўқилади

Ҳасанбой Дўстматовнинг она қишлоғидан матнли репортаж. Барча унинг ғалабасини кутмоқда

Бугун Рио-2016 Олимпиадасида 49 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги турнир чемпионлиги учун колумбиялик Мартинесга қарши Тошкент вақти билан соат 22:15да  рингга чиқадиган ўзбекистонлик Ҳасанбой Дўстматовнинг ғалабасини бутун Ўзбекистон кутмоқда.

Ҳасанбой Дўстматов Ўзбекистонга илк олтин медални олиб берди​. ОЛТИН МЕДАЛЬ МУБОРАК!!!

Андижондан сурат. Чемпионни тарбия қилган инсонлар

22:50 - Ҳасанбойнинг маҳалладошлари, синфдошлари, яқинлари ундан фақат ғалаба кутишмоқда. Бир сўз билан айтганда нафақат Долан маҳалласининг балки яқин атрофдаги қишлоқлардан ҳам мухлислар ташриф буюришган.

Ҳаяжонли дамлар бошланишидан олдин Дўстматовлар хонадонига йиғилган барча ўзбекистонликлар Дўстматовнинг ғалабасини тилашиб дуога қўл очишди.

Нафақат биз балки бутун Ўзбекистон ҳаяжонда.

22:47 -  Она кўзларида севинч ёшлари.... Ҳасанбойнинг ҳар бир зарбаси қарсаклар билан кутиб олинмоқда.

22:42 - Ўзбек ўғлони рингда, маҳалла аҳли қарсаклари

22:39 - Финал ўйини бошланмоқда... Дуо қилинди. Олға Ҳасанбой!

22:36 - Ҳасанбойнинг биринчи устози Алимардон Зуфаров шогирдининг ғалабасига тўла ишонмоқда

22:30 - Унинг онаси Дилнозахон опа телевизор қаршисида ўтира олмаслигини айтмоқда. Онаизор

22:25 - Ҳал қилувчи баҳс бошланиши дақиқалари яқинлашиб келаётгани сари боксчимиз хонадонида барчани ажиб ҳиссиёт чулғаган

21:51 - Фазлиддин Ғоибназаров чорак финалга чиқди>>>

21:05 - Мамлакатимиз шарафини тўрт йилликнинг энг улкан спорт форумида ҳимоя қилаётган Андижон бокс мактаби вакили Ҳасанбой Дўстматовнинг маҳалласи катта байрамга айланиб кетган. Кўчаларга телевизорларни ўрнатиб, нуроний отахонлару онахонлар баҳсни кутмоқдалар.

20:57 - Айни пайтда Андижон вилоят телевидениеси ҳам спорт шарҳловчиси Ашурали Маматов бошчилигида етиб келди. Ҳамманинг нияти муштарак, барчамиз орзу қилаётган олтин медаль.

Ҳасанбой оддийгина ўзбек хонадонида, деҳқон оиласида вояга етган. Ота-оналари  Маъруфжон ака Дилнозахон опалар камсуқум ўзбек инсонлари

Оилада уч нафар фарзанд Фарёзбек ва Исломбеклар ҳам акасининг рингга чиқишини интизорлик билан кутмоқда

20:55 - Айни пайтда Андижоннинг Булоқбоши тумани, Дўлан қишлоғидаги Ҳасанбойнинг хонадонида унинг қариндошлари ва маҳалладошлари йиғилган. Жумладан, сайт мобил мухбири ҳам воқеа жойида бўлиб, тафсилотлардан хабардор қилади.

Спортчининг отаси бўлмиш Маъруфжон ака Дўстматов беллашув арафасида ўғли билан телефон орқали боғланган ва унга муҳим жанг олдидан омад тилаган.

Мавзуга оид