Жамият | 13:24 / 16.08.2016
9524
1 дақиқада ўқилади

40 миллион сўмга яқин маблағни ўзлаштирган мудиранинг юзи шувут бўлди

Хонқа туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирига ўн уч йил давомида мудиралик қилиб келган Сабо Ўразова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2012-2015 йиллар давомида муассасада ишламайдиган 4 нафар ходимнинг номига ойлик маош ёзиб, уларни ўзи олиб келган. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» нашри ёзмоқда.

Бундан ташқари, 2015 йил сентябрь ойида боғчада 201 нафар бола тарбиялангани ҳолда, уларнинг сони ҳужжатда 169 нафар, деб қайд қилинди. Шу тариқа 32 нафар боланинг ота-оналар бадал пули кассага кирим қилинмай, мудиранинг чўнтагига тушди. Октябрь ойида 25 нафар, ноябрь ойида 38 нафар боланинг бадал пуллари шу тариқа ўзлаштирилади.

Текширишда мудира 37 млн. 795 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилганлиги маълум бўлди.

С.Ўразовага суд ҳукми билан энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.