Жаҳон | 10:28 / 17.08.2016
16916
2 дақиқада ўқилади

ХХР прокуратураси мамлакатдаги улкан молиявий пирамида бўйича текширув ишларини олиб бормоқда

Пекин прокуратураси Ezubao интернет-платформаси асосчиси ва ходимларига нисбатан ишни кўриб чиқишни бошлади. Ушбу ташкилот 50 млрд юань (7,6 млрд АҚШ долларига яқин) молиявий эҳромни ташкил этишда гумон қилинмоқда. Хитой халқаро радиоси хабар қилишича, мазкур иш юзасидан 26 киши тергов ишларига жалб қилинган.

Шулардан камида 11 гумондор, жумладан Yucheng Global (Ezubao платформасининг асосчи компанияси) директорлар кенгаши раиси Дин Нинга молиявий фирибгарлик айби илгари сурилаяпти. Яна 14 киши, хусусан Yucheng Global ижрочи директори Ван Чжихуан ноқонуний бойлик орттириш ва маблағларни ўғирлашда гумон қилинаяпти. 

Ezubao 2014-йили ташкил этилган бўлиб, Понци жадвали асосида фаолият юритган. Бунда, жамғармага янги сармоядор олиб келган ҳар бир мижоз ҳақ олган. Компания 6 турдаги молиявий маҳсулотни тақдим этган. Уларга белгиланган устама фоизлар йиллик 9 фоиздан 14,6 фоизгачани ташкил этган. Ўтган йилнинг декабрь ойида платформага пул тикканлар сони 900 минг кишини ташкил этган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари компания фаолиятига қизиқиш билдиргач, унинг раҳбарияти 1,2 минг бухгалтерлик китобини 6 метр ўра қазиб, кўмиб ташлаган. Уларни ковлаб олиш учун полициячилар 20 соат вақт сарфлаган, бунга иккита экскаватор жалб этилган.

Ҳуқуқ идораларининг аниқларишича, Ezubao раҳбарияти сармоядорларни сохта лойиҳалар билан алдаган. Дастлабки тергов натижаларига кўра, Ezubao компаниясининг 207 реклама маҳсулотидаги "ҳамкор-корхоналар"дан атиги биттаси ҳақиқатдан ҳам интернет-платформаси билан тенг шерик бўлган.

Мавзуга оид