Жаҳон | 12:01 / 17.08.2016
22898
2 дақиқада ўқилади

Туркия президенти Эрдўған янги ваколатларга эга бўлди

Фото: Xinhua

Туркия ҳукумати фавқулодда ҳолат тартиби доирасида иккита фармон қабул қилинганини эълон қилди. Унга мувофиқ, 2 мингдан ортиқ полиция ходими ва 300 дан ошиқ ҳарбий хизматчи эгаллаб турган лавозимидан озод этилади. Улар давлат тўнтаришига уринишга алоқадорликда гумон қилинмоқда, деб хабар қилмоқда  Reuters ахборот агентлиги.

Бундан ташқари, мамлакат ҳукумати кенг ваколатларга эга бўлди, хусусан эндиликда телекоммуникация компаниялари ҳам ҳукумат буйруғи асосида ёпилиши мумкин. Шу билан бирга, давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғанга армия қўмондони — Бош штаб раҳбарини тайинлаш ҳуқуқи тақдим этилди. Аввал, мазкур ваколат бош вазир зиммасида эди. 

Эслатиб ўтамиз, 15-июль куни кечқурун Туркияда давлат ҳокимиятини ҳарбий йўл билан ноқонуний эгаллаб олишга уриниш амалга оширилди. Ҳарбий исёнчилар Анқара ва Истанбул кўчаларига ҳарбий техникаларни олиб чиқиб, муҳим ҳарбий иншоотлар, президент саройи ва парламент биноси, давлат идораларини ўққа тутди. Бироқ, аксарият ҳарбийлар ҳукуматга содиқлигини намойиш этгани боис исён бостирилди. 

Давлат тўнтаришига уриниш чоғида исёнга алоқадорларни ҳисобга олмаганда 246 киши ҳаётдан кўз юмган, 2,1 мингдан ортиқ инсон яраланган. Беш кундан сўнг, республикада фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилинди ва давлатнинг  барча идораларида тозалаш ишлари авж олди. 

Мавзуга оид