2016 йилнинг 1-ярмида Пахтакор туманида 324та янги иш ўрни яратилди
Жиззах вилояти Пахтакор туманида жорий йилнинг биринчи ярмида 8 миллиард 185 миллион сўмлик янги лойиҳалар амалга оширилди. Уларнинг 14 фоизи саноат, 39 фоизи хизмат кўрсатиш ва сервис, 10 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келди. 324 янги иш ўрни яратилди.
Туманда 316 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида соҳа ривожи учун 11 миллиард 48 миллион сўмлик банк кредитлари ажратилди. “Ягона дарча” маркази орқали 16 турдаги хизматлар кўрсатилаётгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мустақиллик йилларида давлат раҳбари раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Замонавий мулкчилик шакли жорий этилди, экин майдонлари оптималлаштирилди, ҳосилдорлик оширилди, полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш кўпайди, уни сақлаш ва қайта ишлаш кенг йўлга қўйилди. Бунинг самарасида қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ҳосил олинмоқда.
Пахтакор туманида беш юзга яқин фермер хўжалиги 27 минг 280 гектар майдонда деҳқончилик қилади. Пахта, ғалла, боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш баробарида хорижга ҳам маҳсулот чиқармоқда.
Туман миришкорлари томонидан 1 минг 227 гектар майдонда мева-сабзавот етиштирилмоқда. Жорий йилда 1 минг 900 тонна картошка, 26 минг 800 тонна сабзавот, 19 минг 300 тонна полиз, 2 минг тонна мева, 5 минг тонна узум етиштириш режалаштирилган. 3 минг 900 тонна мева-сабзавотни экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланган.
– Хўжалигимиз ҳисобидаги 96 гектар майдоннинг 30 гектари боғ, 20 гектарда қовун ва ошқовоқ, 7 гектарда пиёз етиштирмоқдамиз, – дейди “Сарвар Маматов” фермер хўжалиги раҳбари Абдураззоқ Абдурасулов. – Яқинда даламизга келган хорижлик тадбиркорлар маҳсулотимиз сифатига юқори баҳо берди. Ҳудуддаги экспортёр фирмалар орқали полиз маҳсулотларини хорижга сотишга тайёрламоқдамиз.
Ўз меҳнати самарасидан баҳраманд бўлаётган деҳқону тадбиркорлар янги иш ўринлари яратиб, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшмоқда. Президентимиз ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган замонавий турар жойлар туман қишлоқларини янада обод қилаётир.
Туманда намунавий лойиҳадаги дастлабки 50 уй 2010 йилда “Пахтакор” массивида қурилган эди. Биринчи йили янги уйларга кўчиб кирганларнинг мамнунлиги бу лойиҳага одамларнинг қизиқишини оширди. Ушбу бунёдкорлик бошлангандан буён ўтган қисқа даврда туманнинг Буюк ипак йўли, Олмазор, Пахтакор, Чаманзор, Оқбулоқ қишлоқларида 235 янги уй қурилди.
– Қишлоғимиз йилдан-йилга замонавий қиёфа касб этмоқда, – дейди “Пахтакор” қишлоқ фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Адолат Шаматова. – Бундай уйлар қурилиши билан қишлоғимиз инфратузилмаси янгиланиб, аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратилди. Сўнгги уч йилда 5,5 километр ичимлик суви ва 3 километр табиий газ қувури тортилиб, қарийб 6 километр ички йўллар таъмирланди.
Тумандаги барча қишлоқларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича белгиланган тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилаётир. “Мингчинор”, “Пахтакор”, “Чаманзор”, “Гулзор”, “Олмазор”, “Тошкент” фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги турар жой массивларида ичимлик суви тармоқлари янгиланди.
Аҳоли саломатлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат дастурлари, саломатлик лойиҳалари доирасида туман тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланаётир. Ўтган йили инвестиция дастури асосида туман марказий шифохонаси реконструкция қилинди. Бешта қишлоқ врачлик пунктида аҳолига зарур тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик яратилди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида санитария қоидалари асосида тиббиёт хоналари ташкил этилиб, шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари бириктирилди. Тиббиёт хоналари зарур асбоб-ускуналар, дори-дармонлар билан таъминланди.
Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самараси туманда бунёд этилган спорт иншоотлари, ёшлар эришаётган улкан ютуқ ва марраларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Пахтакор болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қайтадан қурилиб, замонавий спорт мажмуасига айлантирилди. Минг ўринли стадион, енгил атлетика, баскетбол, волейбол, қўл тўпи майдонлари, бокс, кураш, гимнастика заллари, тиббиёт хонаси ёшлар ихтиёрида. Зарур спорт анжомлари билан жиҳозланган хоналарда машғулотларни самарали ташкил этиш учун барча қулайлик мавжуд.
– Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган Олимпиада ҳақидаги суҳбатлар спортга оддий ишқибозлик эмас, ёшларимизнинг ушбу нуфузли мусобақаларга муносиб иштирок этаётганидан юртдошларимиз қалбида жўш ураётган ватанпарварлик туйғусининг ифодаси, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт мураббийи, иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Баҳодир Мирзақулов. – Ушбу Олимпиада мусобақалари иштирокчиси Хуршид Тожибоев Пахтакор болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс тўгарагида тарбияланган. Собиқ тузум даврида бизнинг туманлардан бундай улкан мусобақада бирор спортчининг иштирок этишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Буларнинг барчасига истиқлол туфайли эришдик.
Таълим муассасалари, маҳаллаларда 80 дан зиёд спорт иншооти, жумладан, 20 спорт зали, 40 дан ортиқ спорт майдончаси фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили сунъий қопламали иккита болалар спорт майдончаси барпо этилди. Кейинги йилларда тумандан 5 халқаро тоифадаги спорт устаси, 24 спорт устаси етишиб чиққани ҳам болалар спорти ривожланаётганининг самарасидир.
Улкан бунёдкорлик ишлари қаторида аҳолининг мароқли дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман марказидаги “Мўъжиза” маданият ва истироҳат боғида амфитеатр барпо этилиб, аттракционлар ўрнатилди.
Туманда мустақиллик йилларида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар одамларнинг турмуш шароитини юксалтириб, уларда меҳнатга, ҳаётга муносабатни тубдан ўзгартирмоқда. Эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Ана шундай кўтаринки кайфиятда меҳнат қилаётган Пахтакор тумани аҳли Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва уни юқори савияда нишонлаш учун пухта ҳозирлик кўрмоқда. Бу маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Мавзуга оид
12:25 / 14.02.2024
Жиззахда 42 туп қайрағочни кесган шахсга жиноят иши очилди
10:15 / 11.09.2022
Жиззахда Nexia юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
16:55 / 19.01.2022
Шукрулло Бобоев туман ҳокимлигидан кетди
20:44 / 03.04.2021