Ўзбекистон | 18:58 / 19.08.2016
11425
9 дақиқада ўқилади

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” амалга ошираётган ишлари бўйича ҳисобот берди

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда  амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибидаги асосан пахта хомашёси етказиб берадиган, аҳолисининг ҳаёт даражаси энг қолоқ республикадан кўп қиррали иқтисодиётга эга бўлган замонавий давлатга айланди. Халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётган мамлакатимиз банк-молия секторидаги барқарорлик кўрсаткичлари ҳам пухта ўйланган иқтисодий сиёсатнинг самараларидан биридир.  Ўтган 25 йиллик тараққиёт таҳлили шуни кўрсатадики, иқтисодий  ислоҳотларни чуқурлаштириш, корхоналар  рақобатбардошлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантиришда банк тизимининг ҳиссаси муттасил равишда ортиб бормоқда. 

Акциядорлик-тижорат “Қишлоқ қурилиш банки” Ўзбекистон банк-молия секторида ўз ўрнига эга етакчи тижорат банкларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда банк тизимида 42 филиал, 48 минибанк ва 186 шаҳобча фаолият юритмоқда ва уларда 692 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс мақомидаги мижозларга хизматлар кўрсатилмоқда. 

2016 йилнинг 1 август ҳолатига банкнинг соф активлари 5 122,9 млрд. сўмга ва жами капитали 464,3 млрд. сўмга етди ҳамда банкнинг кредит портфели 4 404,6 млрд. сўмни ташкил қилди.  

2016 йил 17 август куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида банкнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини  молиявий қўллаб-қувватлашдаги иштироки ва бу йўналишда эришилаётган натижалар бўйича маълумотлар берилди. 

Қайд этилишича, банк  аҳоли фаровонлигини  ва  бандлигини таъминлашда  муҳим  ўрин тутаётган хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда ва бу мақсадларда ажратилаётган кредитлар қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес субъектларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2009-2016 йиллар давомида кичик бизнес субъектларига 2 402 708 млн. сўм, шу жумладан,озиқ-овқат истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 427 139 млн. сўм, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга 536 706 млн. сўм, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга 304 604 млн. сўмлик маблағ ажратилган. 

2010-2016 йиллар давомида имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан ажратилган кредитлар 23 203 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга 109 683 млн. сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 716 988 млн. сўм йўналтирилди.

2011-2016 йиллар давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун  62 734 млн. сўм миқдорида кредитлар берилди.

2016 йилда ҳам  АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” кичик бизнес субъектларини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган етти ойи мобайнида кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида банк томонидан ажратилган кредитлар 517,6 млрд. сўмни ташкил этди. Шу даврда аҳолининг фаол қисмига ўз бизнесини ташкил этишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида 152,0 млрд. сўмлик микрокредитлар ажратилди. 

Банк мижозлари томонидан рақобатбардош, юқори сифатли озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ва турларини кўпайтиришни рағбатлантириш, ички истеъмол бозорини истеъмол товарлари  билан  бойитиш, тайёр товарлар ишлаб чиқарувчи янги, маҳаллий корхоналарни ташкил этиш ҳамда мавжудларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш мақсадида ажратилган кредитлар 212,4 млрд. сўмни ташкил этди.

Банк республикамизнинг қишлоқ жойларида сервис хизматларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.Мазкур мақсадларга жорий йилнинг 7 ойи давомида 47,1 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Касб-ҳунар  коллежи  битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятлари билан боғлиқ лойиҳаларини молиялаштириш банкнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Жорий йилнинг 7 ойи мобайнида  касб-ҳунар  коллежи  битирувчиларига  13,1 млрд. сўм  миқдорида имтиёзли микрокредитлар берилди. 

Шунингдек, бу даврда хотин-қизларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш  мақсадида  тадбиркор аёллар раҳбарлик қилаётган хўжалик субъектларига 76,4 млрд. сўм  миқдорида кредитлар ажратилди. Янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларига, оилавий тадбиркорлар ҳамда касаначиликка 26,3 млрд. сўмлик микрокредитлар ажратилди. 

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” 2009-2015 йиллар давомида инвестициявий  лойиҳаларни молиялаштириш, шу билан бир қаторда, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани янада ривожлантириш, хусусан, қишлоқ жойларда замонавий уй-жойларни барпо этиш инвестиция мақсадларига жами 4 511,2 млрд. сўм миқдорида узоқ муддатли кредитлар, шундан бевосита иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш учун жами 1 183,7 млрд. сўм миқдорида инвестиция кредитлари ажратилди. 

Жорий  йилда  ҳам  банк инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этмоқда. Етти ой давомида инвестиция мақсадларига жами 963,4 млрд. сўм миқдорида узоқ муддатли кредитлар ажратилди. Бунинг 173,8 млрд. сўмини иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган инвестиция кредитлари ташкил этади. Жумладан, жорий йилда иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган инвестиция кредитлари асосида саноат соҳасининг 37,0 млрд. сўмлик, қишлоқ хўжалигининг 11,4 млрд. сўмлик, транспорт ва коммуникация соҳасининг 17,7 млрд. сўмлик, қурилиш соҳасининг 29,5 млрд. сўмлик, моддий-техник таъминот ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасининг 41,6 млрд. сўмлик лойиҳаларига ҳамда бошқа секторларда фаолият юритувчи субъектларнинг 36,6 млрд. сўмлик лойиҳаларига инвестиция кредитлари ажратилди.

Банк мамлакатимизда амалга оширилаётган дастурлар ижроси бўйича ҳам самарали натижаларга эришмоқда. Жумладан, “Республика ҳудудларини 2013-2016 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури”га асосан 2016 йилнинг ўтган етти ойи давомида 3272  та янги иш ўринлари яратилишини назарда тутувчи 487 та лойиҳага 38,6 млрд. сўмлик  кредитлар ажратилиши таъминланди. 

Банк томонидан намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилиши давлат дастури доирасида Осий тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт фонди каби хорижий молия институтлари имтиёзли кредит линиялари билан билан бир қаторда  тадбиркорлик субъектларининг хорижнинг энг илғор техника ва технологияларини жорий этишни, рақобатбардошли ва замон талабига жавоб берадиган миллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўзда тутадиган инвестициявий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий валютадаги имтиёзли хорижий кредит линияларини ҳам кенг жалб қилиб келинмоқда.

Ўтган 2009-2016 йиллар давомида  давомида банк томонидан жами 32,6 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 7 та кредит линиялари жалб қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида мазкур маблағлар ҳисобидан банк мижозларининг 80 дан ортиқ лойиҳалари молиялаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2015 йил 21 сентябрдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) иштирокидаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига асосан жалб қилинган кредит линия доирасида 2016 йил давомида амалга оширилган 17 та лойиҳага 8,6 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Хусусан, республикамизнинг турли ҳудудларида 8 та музлаткич омборларига 1 903,88 минг АҚШ доллари, интенсив боғ ташкил этиш ва томчилатиб суғориш ускуналарини тадбиқ этиш мақсадида 4 та лойиҳага 3 040,26 минг АҚШ доллари, замонавий иссиқхоналар ташкил этиш учун 3 та лойиҳага 1 667,00 минг АҚШ доллари ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш мақсади учун 2 та лойиҳага 1 987,0 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 22 январдаги “Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси(ХҚХТЖ)нинг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига асосан жалб қилинган 2,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линия доирасида Сурхондарё вилоятида мева-сабзавотчилик секторидаги мижозларнинг истиқболли лойиҳалари молиялаштириб келинмоқда.

Шу йилнинг май ойида “Moody’s Investors Service” халқаро рейтинг агентлиги банк рейтингини тасдиқлади: контрагент рискини баҳолаш рейтинги – В1/NP, хорижий ва миллий валютадаги депозитларнинг узоқ муддатли рейтинги – В2/NP, банкнинг барча рейтинглар прогнози – “БАРҚАРОР”. 

Матбуот анжуманида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан амалга оширилиши кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳалар, банк фаолиятининг келгусидаги асосий йўналишлари бўйича маълумотлар берилди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди. 


Банк ахборот хизмати

Мавзуга оид