Жаҳон | 16:21 / 25.08.2016
10818
4 дақиқада ўқилади

Le Monde: Туркия расмий Москва розилигисиз Сурияга кира олмаган бўларди

Россиянинг Суриядаги вазиятга таъсири шунчалик улканки, Москванинг сукут сақлаш билан билдирган розилигисиз, Туркия террорчиларга қарши зарба бериш жараёнига қўшила олмас эди, деб фикр юритади Le Monde газетаси. Аслини олганда, расмий Анқара ИШИД жангариларига қарши курашяпти, дейиш ўрнига, ўз чегаралари яқинида курд бўлинмаларининг бирлашишига йўл қўймаётганини таъкидлаш тўғрироқ бўлар эди. 

Шу пайтга қадар, Россия ҳеч қачон Суриядаги воқеалар ривожини белгилаб бермаган эди, деб ёзади Франция нашри. Шу боисдан ҳам, гарчи расмий Москва Туркиянинг Суриядаги можарога аралашувидан чуқур таассуфини билдирганига қарамай, айтиш мумкинки, Кремль маъмурияти овоза қилинмаган розилигини билдирмаганида, Туркия армияси Сурияга киришга ўзида журъат топа олмас эди. Ахир, Россия авиациясининг Сурия шимоли-ғарбини назорат қилаётганини ёддан чиқармаслик лозим. 

Айни вақтда, Суриядаги Россия, БМТ Асад кучлари минтақада кимёвий қуролни қўллагани ҳақида маълум қилган бўлса-да, ҳам дипломатик ва ҳам ҳарбий куч жиҳатидан ҳал қилувчи ўринни эгаллаб турибди. Кимёвий қуролни қўллаш билан боғлиқ айбловлар расмий Москвага бирмунча дипломатик муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Чунки, айнан Россия президенти Башар Асад тузумини ҳокимиятда сақлаб қолиш имконини берган кимёвий қуролни йўқ қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Шу борадаги битим бузилгани туфайли унинг оқибатлари тез орада кўзга ташланади, деб огоҳлантиради Le Monde. 

Қолган барча масалаларда тарозининг оғир палласи Россия томонда, деб ҳисобламоқда мақола муаллифи. 26-август куни АҚШ ва Россия ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари минтақада ўт очишни тўхтатишга оид келишувга эришиш мақсадида Женевада учрашишади. Франция эса, Ҳалаб назоратини қайтариб олиш учун зарбаларни кучайтираётган Асад тузумини Россия қўллаб-қувватлашда давом этаётганидан хавотирда.  Шу билан бирга, расмий Париж ва араб давлатлари АҚШни журъатсизликда айбламоқда. 

Вашингтон, Париж маъмурияти сингари Туркиянинг ИШИД жангариларига қарши курашини олқишлаган бўлса ҳам, улар туркларнинг асл мақсади курд жанговар гуруҳларининг Туркия чегараси яқинида бирлашишига йўл қўймаслик эканини яхши тушунмоқда. 

Путин ва Эрдўғаннинг учрашувидан сўнг, Туркиянинг Сурияга нисбатан сиёсати ўзгариши ўз ҳосилини бера бошлади, дейиш мумкин. Дастлаб, Башар Асадни ҳокимиятдан четлатиш зарурлигини баланд оҳангда уқдириб келган  Туркия, эндиликда, Асадни «урушдаги томонлардан бири» ва музокараларда қатнашиши лозим бўлган томон вакили деб атамоқда. Албатта, расмий Анқара унинг Сурия келажагидаги ўрнини ҳозирча тан олганича йўқ. Шу билан бир вақтда, Туркия ҳукумати Дамашқнинг муҳим иттифоқчилари Москва ҳамда Теҳрон билан самарали музокаралар олиб бормоқда. Улар ҳатто инқироздан чиқиш бўйича «йўл харитаси»ни тузиб олиш имконияти ҳақида фикр билдира бошлашди. 

Шунга кўра, айтиш мумкинки, деб ёзади Le Monde, расмий Москва ўз вақтида курдлардан воз кечди. Ахир, бир вақтлар Россия уларни қуроллар билан таъминлаганди. 

Мавзуга оид