Спорт | 11:02 / 08.09.2016
6376
2 дақиқада ўқилади

Америкалик сузувчи Райан Лохте Риодаги можаро туфайли 10 ойга дисквалификация қилинди

Рио-де-Жанейро олимпиадаси чемпиони, америкалик сузувчи Райан Лохте турнирлардан 10 ой муддатга четлаштирилди. Бу ҳақда USA Today хабар тарқатган.

Бу қарор Олимпиада вақтида Бразилиядаги ёқилғи қуйиш станциясида талончилик юз бергани ҳақидаги ўйлаб топилган ёлғон ортидан келиб чиққан можаро туфайли қабул қилинган.

Қарор АҚШ сузувчилар уюшмаси ва АҚШ Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида қабул қилинди. Шунингдек, воқеага алоқадор яна 3 нафар спортчига нисбатан интизомий чоралар қўлланган. Булар Гуннар Бентц, Жек Конгер ва Жеймс Фейген. Лекин уларнинг дисквалификация муддатлари кичикроқ бўлди.

Эндиликда Лохте 2017 йилнинг 30 июнига қадар турнирларда иштирок эта олмайди. У 2017 йили Будапештда ўтказиладиган жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади.

Бундан олдинроқ Райан Лохтенинг асосий ҳомийлари Риодаги можаро туфайли у билан ҳамкорликни тўхтатгани маълум бўлганди. Сузувчилар учун спорт буюмлари ишлаб чиқарувчи Speedo фирмаси,  Ralph Lauren бренди, косметик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Syneron-Candela ҳамда матраслар тайёрловчи Airweave Lcc Лохте билан ҳамкорликни тўхтатган.

Эслатиб ўтамиз, олимпиада вақтида АҚШ Миллий олимпия қўмитаси терма жамоанинг тўрт нафар аъзоси Рио-де-Жанейро шаҳрида тунаб кетилгани ҳақида маълум қилганди. Гуннар Бенц, Жек Конгер, Жеймс Фейген ва Райан Лохте 14 августга ўтар кечаси кечки базмдан олимпия шаҳарчасига қайтаётганида талончилик қурбони бўлгани айтилди. Улар ўзлари ўтирган таксига ўзини полиция ходими деб таништирган қуролланган шахслар томонидан ҳужум қилингани, пул ва бошқа шахсий буюмларни талаб қилгани ҳақида айтишди.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари жабрланганларнинг аризаси ростлигига шубҳа қилди. 18 август куни спортчилар тунаб кетилмагани аниқланди. Улар ёқилғи қуйиш шохобчасида зарар етказилган мулкка пул тўлагани маълум бўлди. 

Мазкур даъволар тасдиғини топмади ва сузувчилар ҳеч қандай тунаш бўлмаганини тан олишига тўғри келди.

Мавзуга оид