Ўзбекистон | 19:51 / 15.09.2016
32456
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Алмазбек Атамбаевга Шавкат Мирзиёев номидан салом етказди

Бугун, 15 сентябрь куни Бишкекдаги саммит бошланишидан бир куни олдин Қирғизистон республикаси президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни қабул қилди.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати берган хабарга кўра, ўзбек-қирғиз ҳамкорлигнинг долзарб масалалари ҳамда мавжуд бўлган муаммолар ечимини топиш учрашувнинг асосий мавзуси бўлган.

"Абдулазиз Комилов Ўзбекистон томони мавжуд барча масалалар борасида ўзаро ҳурмат ва қўшничилик урф-одатларига асосан, ижобий кайфият билан ишлашга тайёр эканлигини хабар қилган", дейилган хабарда.

Шунингдек, ўзаро муносабатларни фаоллаштириб, мавжуд муаммоларни конструктив йўл билан ҳал қилиш учун иккала томондан ҳам жиддий сиёсий ирода намоён қилингани таъкидлаб ўтилган.

Абдулазиз Комилов Алмазбек Атамбаевга Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган.

16-17 сентябрь кунларида Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида МДҲ раҳбарлари саммити бўлиб ўтади. Саммитда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбойжон, Арманистон ва Беларусь президентлари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, Молдова бош вазири, Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари ва Украина элчиси қатнашади.

Мавзуга оид