Ўрта Ер денгизига қулаган EgyptAir самолёти қолдиқларида портловчи модда излари аниқланди
Франция жиноий тадқиқотлар институти мутахассислари жорий йилнинг май ойида Ўрта Ер денгизига қулаган EgyptAir авиакомпанияси самолётининг қолдиқларида портловчи модда – тротил изларини аниқлашди. Бу ҳақда 16 сентябрда Le Figaro нашри маълум қилди.
Излар ўтган ҳафта аниқланган, уларнинг келиб чиқиши номаълум. Миср суди франциялик мутахассисларга қолдиқларни батафсилроқ ўрганишга рухсат бермади.
Шу билан бирга теракт уюштирилгани ҳақида гапиришга ҳали эрталик қилади.
16 июлда самолётнинг қора қутиси қулашидан олдин экипажнинг ўзаро суҳбатида ёнғин ҳақида эслаб ўтилганини қайд қилгани маълум бўлганди. 5 июлда учувчилардан бири фожиадан бир неча дақиқа олдин самолёт бортидаги келиб чиқиши номаълум бўлган алангаланишни ўчиришга ҳаракат қилгани маълум қилинганди.
Тахминлардан бирига кўра, самолётнинг қулашига экипажнинг ёнғин ҳақидаги ёлғон сигналга жавоб бериши олиб келган бўлиши мумкин.
Париждан Қоҳирага учиб кетаётган Airbus А320 лайнери 19 май куни радарлар экранидан ғойиб бўлган. Кейинроқ самолёт денгизга қулагани маълум бўлган. Самолётда 12 давлат фуқароси: 56 йўловчи, 3 нафар хавфсизлик хизмати ходими ва экипажнинг 7 аъзоси бўлган.