Фан-техника | 09:53 / 23.09.2016
6458
2 дақиқада ўқилади

Дания стартапи карпулинг учун электрокар прототипини намойиш этди

Даниянинг Spiri стартапи v0.1. электромобиль намунасини намойиш этди. Фирма ўз концепт-карини Spiri карпулинг хизматида фойдаланиш мумкин бўлган «автомобилнинг фундаментал макетини ишлаб чиқиш учун кўчма лаборатория» дея атамоқда. 

Дания стартапининг концепциясига кўра, ҳайдовчилар Spiri автопаркидаги электромобиллардан текин фойдаланишлари мумкин бўлади. Бироқ, бунинг учун улар ўзлари кетаётган йўналиш бўйича бирон йўловчини олиб кетишлари ёки белгиланган нуқтадан олиб кетишлари талаб этилади. Йўловчилар эса йўл ҳақи тўлашади. Spiri фирмасининг ваъда беришича, хизмат тўлиқ ишга тушгач, йўловчилар учун чипта нарҳи шаҳар жамоат транспорти қиймати билан бир хил бўлади. 

Spiri v0.1нинг кузови тўлиқ карбондан ясалган. Унинг конструкциясида 700та элемент қўлланилган. Вазни 750 кгни ташкил этади. Концепт-карга 36,5 кВт/с қувватли батарея ёрдамида ҳаракатланувчи электр двигатель ўрнатилган бўлиб, Spiri v0.1 320 кмгача масофани ортда қолдира олади. Махсус қувватлаш станцияси ёрдамида машинани 40 дақиқада қувватлаш мумкин. 

Бундан ташқари Spiri v0.1 смартфондаги махсус илова ёрдамида очилади ва ишга туширилади. Унга, шунингдек, навигация тизими ҳам ўрнатилган. 

Тахминларга кўра, хизмат 2017 йилда ишга туширилади.

Мавзуга оид