Жаҳон | 21:08 / 11.10.2016
8753
2 дақиқада ўқилади

Туркия ҳукумати Гуленнинг ташкилотини ИШИДга тенглаштирди

Фото: © AP

Турк мухолифи Фатҳулла Гуленнинг FETO ташкилоти ва ИШИД террорчилик гуруҳи орасида "ҳеч қандай фарқ йўқ", деб айтди Истанбулда IX Евросиё ислом кенгаши йиғилишида Туркия дин ишлари бошқармаси раиси Мехмет Гермез. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Турк ҳукумати мухолиф имом Гуленни 16 июлда Туркияда амалга оширилган давлат тўнтарувига уринишда айблаб келмоқда. FETO (Fethullah Gulen Terrorist Organisation) Туркия ҳукумати томонидан ишлатиладиган қисқартирма бўлиб, "Фатҳулла Гуленнинг террорчилик ташкилоти" каби тушунилади. Гулен ташкилотининг асл номи эса "Хизмет" деб юритилади.

"Ислом умматининг янада маданиятли ривожланишини муҳокама қилиш ўрнига, биз террорчилик ташкилотлари сабабли орқага қадам босишга мажбур бўлмоқдамиз. Бизнинг нуқтаи назардан, ИШИД каби тажовузкор террорчилик ташкилотлари ва одамларга таъсир қилишнинг бундай усулларини қўлламайдиган Фатҳулла Гуленнинг FETO каби ташкилоти ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ", деб айтди Гермез.

"Бу ташкилотлар "параллел" динни яратмоқда, унинг ақидаларини ўз хоҳишича талқин қилади", деб қўшимча қилди Гермез.

Евросиё ислом кенгаши 9-маротаба Туркия дин ишлари бошқармаси томонидан чақиртирилмоқда ва Туркия президенти раҳнамолигида ўтмоқда. Кенгашнинг биринчи йиғилиши 1995 йилда ўтказилган. Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, 9-йиғилиш диний уламоларнинг энг йирик йиғилишларидан бири бўлди. Ислом умматининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун Истанбулга 33 та давлатдан 120 дан кўпроқ муфтийлар ва имомлар ташриф буюришган.    

 

Мавзуга оид