Фан-техника | 12:18 / 15.10.2016
9189
2 дақиқада ўқилади

Lockheed Martin Mitsubishi компаниясига кўринмас самолётлар ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда

Фото: AP

Американинг Lockheed Martin компанияси Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries компаниясига кўринмас қирувчи самолётларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни таклиф этмоқда. Бу ҳақда, Америка ҳарбий концерни раҳбари Мэрилин Хьюсон Nikkei газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

"Биз уларга август ойида юборган сўровларига мувофиқ, лойиҳага оид ахборотларни тақдим этдик", - деган Хьюсон. Унинг сўзларига кўра, Lockheed Martin концерни ҳам  Mitsubishi Heavy Industries компаниясига кўпмақсадли бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётлари учун "бутловчи ва эҳтиёт қисмлари етказиб бериш бўғини" сифатида қарамоқда. 

"Япониянинг аэрокосмик саноати катта салоҳиятга эга. Биз ҳар томонлама ҳамкорликка тайёрмиз", - дея қўшимча қилган Хьюсон.

Айни вақтда, Япония мудофаа вазирлиги эскириб қолган F-4 қирувчилари ва F-2 қирувчи-бомбардимончи самолётларни алмаштиришни режалаштирмоқда. Бу самолётлар айнан Mitsubishi Heavy Industries ва Lockheed Martin ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Япония мудофаа кучлари таркибида 130 дона шундай самолёт бор. 

Ушбу жанговар ҳаво кемаларини Япониянинг радарларга кам кўринувчи Advanced Technology Demonstrator X технологиясига эга маҳаллий самолётлар билан алмаштириш режалаштирилган.

Бироқ, уларни фойдаланишга топшириш 10 йиллар вақт талаб қилиши айтилмоқда. Бу жараённи тезлаштириш ва харажатларни қисқартириш мақсадида Mitsubishi Heavy Industries лойиҳага хорижий компаниялар, жумладан Lockheed Martin концернини ҳам жалб этиши мумкин. Бу борадаги якуний қарор 2018 йилда қабул қилинади. 

Мавзуга оид