Фан-техника | 21:56 / 23.10.2016
18604
5 дақиқада ўқилади

Смартфонларнинг батареялари нега портлайди?

Янги авлод смартфонларнинг суперсиғимли батареялари аксарият ишлаб чиқарувчиларнинг фахрланишига сабаб бўлиб, маркетингдаги муҳим устунлик ҳисобланади. Бироқ аслида бундай аккумуляторларда яширин таҳдид мавжуд - сўнгги пайтларда телефон батареяларининг портлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда, бундан ҳеч ким "суғурталанмаган". Тrendymen.ru батареялар нима учун портлаши ҳамда қандай қилиб бунинг олдини олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди. 

Фото: trendymen.ru

Аккумулятор нима?

Батареялар кимёвий энергияга мўлжалланган кичик контейнерлар ҳисобланади. Аккумуляторнинг ишлаш тамойили электронларнинг салбий аноддан катодга ўтишига асосланади. Батарея зарядланганидан кейин смартфон ишлаши учун энергия берувчи электронларнинг ҳаракатланиш жараёни бошланади. Бу жараён батарея ичидаги барча электронлар аноддан катодга ўтиб олмагунича давом этади. 

Фото: trendymen.ru

Батарея нимадан ясалган?

Одатий батареяларнинг ичида ижобий ионлар ҳаракати амалга ошувчи кимёвий муҳит - анод, катод ва электролит мавжуд. Аксарият смартфон ва планшетларда қўлланувчи литий-ион батареялар ўзида кобальт, никель, марганец, графит, шунингдек электролитнинг литий тузлари каби моддаларни мужассам қилган. Аккумулятор фаолиятининг кимёвий асоси - ижобий ионларнинг мунтазам равишда электролитлар орқали салбий қутбдан ижобий томонга ҳаракатланиш жараёни. Шу туфайли батарея фаол ишлаш вақтида аккумулятор ичидаги кимёвий жараёнлар ҳисобига ҳаддан зиёд қизиб кетиши мумкин.

Фото: trendymen.ru

Нима учун батареялар тез тугаб қолади?

Батареянинг ишлаш тамойили оддий бўлиши мумкин, лекин бунинг учун керак бўладиган технологиялар у қадар оддий эмас. Батареяларнинг ишлаш вақтини чекловчи асосий омил энергия зичлиги ҳисобланади. Аккумуляторнинг кимёвий компонентлари қанча энергия тўпласа, у шунча электр энергиясини ишлаб чиқариши мумкин. Батарея ичидаги нофаол материаллар - "ўлик юк" ҳисобланади. Батарея корпуси, назоратчи чиплар ва симлар шулар жумласидандир. Улар аккумуляторларга вазн қўшади, аммо унинг самардорлигини оширмайди. Замонавий технологияларни инобатга олганда, смартфон батареясининг хизмат вақтини узайтиришнинг ягона усули - смартфон электроникасининг энергетик самарадорлигини ошириш ва батарея ҳажмини катталаштириш ҳисобланади, лекин енгиллик тенденцияси ишлаб чиқарувчиларни зарядсиз бир кундан ортиқ ишлай олмайдиган ингичка батареяларни қўллашга мажбур қилади.

Фото: trendymen.ru

Нима учун маълум муддат ўтгач, аккумуляторлар бузилади?

Смартфон "ҳаёти"да батареяларнинг хизмат қилиш муддати доимий бўлмайди - у ҳар бир зарядлаш жараёни амалга оширилгани сари аста-секинлик билан камайиб боради. Кимёвий реакциялар литий миқдорининг камайиши ҳисобига батареянинг ички қаршилигини ошириб боради. Бунинг натижасида аккумулятор борган сари қисқароқ вақт давомида иш беради. Қаршилик қанча юқори бўлса, аккумулятор фаолияти шунча қийинлашади. 

Фото: trendymen.ru

Нима учун баъзи аккумуляторлар портлайди?

Литий элементларга нисбатан юқори зичликка эга бўлган батареялар ишлаб чиқарилди, бироқ улар портатив электроникада қўллаш учун етарлича хавфсиз ҳисобланмайди. Оддий қилиб айтганда, батареянинг энергетик салоҳияти қанча юқори бўлса, унинг ичидаги кимёвий жараёнлар шунчалик хавфли бўлади. Одатда бу смартфоннинг ишлаш вақтида қизиб кетиши, шунингдек аккумулятор ичида кимёвий бирикмаларнинг бузилиш жараёнига олиб келади, бу эса қурилманинг портлашига сабаб бўлиши мумкин. Тасаввур қилиб кўринг, ана шундай ёниш жараёни батарея корпуси ҳисобланган герметик қути ичида содир бўлмоқда. Ортиқча босим портлашга олиб келади, у инсонга зиён етказадиган даражада хавфли бўлиши ҳам мумкин. Қурилма ичидаги сифатсиз пайвандлаш ишлари ва оксидланиш жараёнлари ҳам портлашга сабаб бўлади. 

Фото: trendymen.ru

Аккумулятор узоқроқ хизмат қилиши учун нима қилиш керак?

Батареянинг хизмат қилиш муддатини узайтириш йўллари бор. Батарея ичидаги кимёвий реакция хусусияти жараёнларнинг 20-80 фоиз зарядланиш интервалида юқори самарага эришишини кўзда тутади. Смартфонни доим кам зарядланган ҳолатда ёки аксинча, мунтазам равишда заряд ускунасига уланганган ҳолатда ишлатиш аккумуляторни тезда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган кимёвий моддалар мажмуига айлантиради.

Фото: trendymen.ru

Энди нима бўлади?

Яқин истиқболдаги литий-ион технологиялари уларнинг назарий чегараларига яқинлашади, бу батареяларнинг қуввати зичлигини оширишга имкон беради. Ҳозирча гап янги технологиялар ҳақида эмас, фақат аккумулятор тузилмасини оптималлаштириш ҳақида бормоқда. Шу боис портловчи батареялар олдидаги қўрқувни замонавий технологияларнинг камчиликларига қўшиш мумкин. Замонавий технологияларни қўллаб, уларнинг ёниш ва портлаш хавфини минимал даражага туширишга фақатгина сифатли материаллар ва аниқ йиғилган тўплам орқали эришиш мумкин. 

 

Мавзуга оид