WikiLeaks АҚШдаги сайловларга оид маълумотларни Ассанж тарқатмаётганини маълум қилди
WikiLeaks ташкилоти тасдиқладики, АҚШда сайловолди пойгасига оид маълумотлар Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан ташқарида туриб нашр этилмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг твиттердаги саҳифаси орқали маълум қилинган.
"WikiLeaks ҳеч қачон материалларни Эквадор элчихонаси ҳудудида нашр қилмаган ва келгусида ҳам бундай бўлмайди. Жаноб Ассанж ҳеч қачон АҚШдаги сайловларга оид маълумотларни элчихона ҳудудида туриб тарқатмаган", - дейилган баёнотда. Ташкилот Эквадорда "бу ҳолат бўйича қайси позицияни танлаш ўз ихтиёрида қолаётгани"ни таъкидлаган. WikiLeaks томони Ассанж АҚШ президентлигига номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслигини қайд этган.
Ташкилотда маълум қилинишича, АҚШдаги сайловларга оид маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар бутун дунё бўйлаб жойлашган офислар, хусусан, Франция, Германия, Нидерландия ва Норвегия каби мамлакатлардаги марказлардан туриб тарқатилмоқда.
Бундан олдинроқ NBC телеканали Эквадор ҳукумати АҚШ талаби билан Ассанжга интернетга киришни чеклаб қўйгани ҳақида маълум қилганди. Ассанжнинг чиқишлари 15 октябрь куни, АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтоннинг нутқларидан бири тарқатилгач, тўхтаб қолганди.
Маълумот учун, Австралия фуқароси ҳисобланган Жулиан Ассанж махфий ҳужжатларни чоп этиш учун яратилган WikiLeaks` сайтининг асосчиси (2006) ҳисобланади. 2010 йилда ушбу сайт АҚШ ҳарбийларининг 2007 йилда Бағдодни вертолётдан туриб ҳужум уюштиргани ва 18 нафар тинч аҳоли вакилининг ўлимига сабаб бўлгани тасвирланган видеолавҳани ошкор қилган эди. Сайт ўша йили АҚШнинг дипломатик характердаги 250 мингга яқин ҳужжатини чоп этишни бошлаган.
У Швеция томонидан жинсий товламачилик жиноятини содир этганликда айбланмоқда. Суд Ассанжни 2011 йил декабрида сиртдан ҳибсга олган. WikiLeaks асосчиси 2012 йил июнидан бери Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудида яшириниб турибди.
Ассанжнинг ўзи унга нисбатан илгари сурилган айбловни тан олаётгани йўқ. Унинг сўзларига кўра, агар Швеция уни ҳибсга олса, дарҳол АҚШга топширади, АҚШ эса Ассанжни турли ҳукумат идоралари ва хизматларининг махфий ҳужжатларини омма эътиборига ҳавола қилиб юборгани учун таъқиб қилмоқда.
Мавзуга оид
21:29 / 01.10.2024
Жулиан Ассанж: «Мен журналистикада ўзимни айбдор деб тан олишга мажбур бўлдим»
00:06 / 26.09.2024
Жулиан Ассанж озод этилганидан бери илк бор омма олдида чиқиш қилади
08:52 / 25.06.2024
WikiLeaks асосчиси Ассанж Британия қамоқхонасидан озод этилди
08:15 / 10.06.2023