Жаҳон | 16:34 / 27.10.2016
9005
2 дақиқада ўқилади

Математик модель АҚШ президентлик сайловларида Трампнинг ғалабасига ишора қилмоқда

Фото: AFP

Нью-Йорк штатининг Стоуни-Брукдаги Университет профессори Ҳелмат Норпос АҚШнинг янги президенти республикачи Дональд Трамп бўлишини маълум қилди, у мамлакат президентлик сайловларидаги барча натижаларни муваффақиятли башорат қилиб келади. Британиянинг The Independent нашри шу ҳақида хабар берди.  

Норпос сўнгги 100 йил давомида АҚШ президентлик сайловларидаги натижаларни деярли хатосиз аниқлаб берган механик моделни ишлаб чиққан: модель “реал вақт” режими билан бирга кўп йиллар илгари бўлиб ўтган сайловларда ҳам синалган. Унинг башорат қилишдаги ягона хатоси 2000 йилда, яъни Жорж Буш президент бўлганда қайд этилган, ўшанда модель сайловларда Альберт Горнинг ғолиб бўлишини тахмин қилганди. Шуни эътиборга олиш керакки, 2000 йилда сайлов ғолиби овозларнинг узоқ давом этган қайта ҳисоб-китоблардан кейин эълон қилинган эди. 

“Модель жорий йилнинг февраль ойидаёқ Трампнинг ғалабасини башорат қилганди, ўшандан буён ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Реал дунёда нималар рўй беришидан қатъи назар, бу моделга таъсир ўтказмайди”, - дейилади манбада. 

Ўз вақтида профессор ишлаб чиқилган моделнинг самарадорлигини исботлаш учун уни кўп йиллар аввал бўлиб ўтган сайловларда синовдан ўтказган. Механик модель праймериз натижаларини ўрганиб чиқиб, АҚШ президентлик пойгалари ғолибини тўғри аниқлаб берган. 

Бироқ The Independent’да таъкидланишича, мазкур тизим сиёсий кучлар ҳамжиҳатлигидаги ўзгаришларни инобатга олмайди. 

Олимнинг сўзларига кўра, модель праймериз натижаларига асосланади: дастлабки партиявий сайловларда энг яхши натижа кўрсатган номзод президент бўлади. 

“Менинг фикримча, Трамп праймериздаги энг кучли номзод ва у ғалаба қозонади”, - деди Норпос. 

Мавзуга оид