Жамият | 21:18 / 29.10.2016
13397
2 дақиқада ўқилади

Дубайда D5 рақамли автомобилни видеотасвирга туширган киши қўлга олинди

Фото: Credit: Supplied

Дубай полицияси жорий ойда деярли 9 миллион долларга харид қилинган D5 давлат рақамли автомобилни автотураргоҳда видеога туширган кишини қўлга олди. 

Ал Барша полицияси Дубайда ногиронлар учун ажратилган автотураргоҳда D5 рақамли машина ва транспорт воситасининг эгаси иштирокидаги видеони тасвирга туширган кишини қўлга олди. Эслатиб ўтамиз, 8 октябрда RTA томонидан ташкиллаштирилган кимошди савдосида ишбилармон ушбу D5 белгиси учун 33 миллион дирҳам, яъни 8,9 миллион доллар тўлаган. 

Генерал-майор Ҳалил Иброҳим Ал-Мансурий, Дубай полиция бошлиғининг тергов ишлари бўйича ёрдамчиси қўлга олинган шахснинг видео тасвирга туширилган жой яқинида ишлашини маълум қилди. Гумондорнинг шахси Кибержиноятчилик билан курашувчи департамент томонидан аниқланган. Автомобиль эгасидан ариза келиб тушганидан сўнг айбдор қўлга олинган. 

Дубай полицияси бирор бир фуқаро рухсатисиз уни суратга ёки видеога олиш ҳамда уларни интернетга жойлаштириш тақиқланишини эслатиб ўтди. Шу мазмундаги қонунбузарликлар юзасидан We Are All Police иловаси орқали хабар бериш мумкин.

Ал Барша полицияси раҳбари Юсуф Ал Одэйдий қўлга олинган шахснинг "автомобиль соҳиби нуфузига путур етказиш нияти бўлмаганлиги, шунчаки унинг атрофида одамлар тўпланганини кўрганидан кейин видеога олгани"ни маълум қилди. Шундан сўнг у бу видеотасвирни қариндоши ва дўстига юборган, видеонинг интернетда бу қадар машҳурликка эришганидан ўзи ҳам ҳайратланган. 

 

Мавзуга оид